«Интер»нинг 40 нафар ашаддий мухлисидан иборат гуруҳ Италия чемпионатининг 8-тури доирасида  «Кальяри»га қарши кечган ва 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган учрашувдан кейин жамоа ҳужумчиси Мауро Икардини уйига қайтаётганида таъқиб қилиб, унинг автомобилига ташланишган.

Football Italia нашри хабарига кўра, бу мухлислар Икардини уйи олдида автомобилини пойлаб туришган ва «Биз шу ердамиз. Аргентиналик дўстларинг келганида бизни огоҳлантирасанми ёки қўрқоқмисан?» деган мазмундаги баннерни осиб қўйишган.

«Кальяри»га қарши ўйинда Икарди пенальтидан гол ура олмади ва мухлисларнинг ғазабини янада қўзитди.

Мухлислар ва футболчи ўртасида унинг автобиографик китоби нашр қилинганидан кейин зиддият юзага келиб, тобора авж олмоқда. Мухлисларнинг фикрича, Икарди 2015 йилнинг февралида «Сассуоло»га қарши ўйиндаги вазиятни эслаб, жамоа мухлисларини қўполликда айблаган. Ультрас аъзоларининг ҳисоблашича, Икардининг автобиографиясида футболчи мухлислар билан таққосланиб, унинг ўзи ёрқинлаштириб кўрсатилган.

«Кальяри»га қарши ўйин вақтида трибунада футболчини ҳақоратловчи баннер осилди. Унда шундай ёзувлар битилганди: «Сен эркак эмассан... Сардор эмассан... Бир уюм ахлатсан».

Ундан олдинроқ мухлислар Икардини сардорлик боғичидан маҳрум қилишни сўраганди.

Гап шундаки, Икарди яқинда савдога чиққан автобиографик китобида, бир воқеани баён қилган: «2015 йил февраль ойида «Интер» клуби «Сассуоло»га (1:3) имкониятни бой берди. Ўйиндан сўнг трибуна олдига бориб, мени футболкамни сўраб хат ёзган мухлис болакайга уни ечиб бердим. Бироқ шу заҳоти уни олдига бошқа фанат келиб, футболкани тортиб олди ва қайтариб менга отди. Мен унга: «Ифлос экансан, болани хафа қилиб, менга ўз муносабатингни билдирмоқчимисан?» дедим».

Бу воқеа «Интер» фанатларини ғазабини қўзғади. «Бу сени хаёлингда юз берган воқеа. Китобинг бошдан охиригача ёлғондан иборат. Сен барча айбни мухлисларга тўнкамоқчисан. Сардорлик боғичига лойиқ эмассан. Бундан буён биз учун мавжуд эмассан» - деб баёнот берди Curva Nord фанатлар гуруҳи.