Ўзбекистон | 14:46 / 17.10.2016
14000
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипталарини онлайн харид қилиш мумкин

Фото: avialine.info

2016 йилнинг 18 октябридан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси авиачипталарни онлайн-бронлаш ва улар учун UzCard банк карточкалари воситасида ҳақ тўлаш бўйича хизматлар турини кенгайтиради. Бу ҳақда МАК ахборот хизмати хабар берди.

Энди исталган вақтда уйдан ёки офисдан туриб, сиз республика ичидаги, шунингдек, яқин ва узоқ шарқ мамлакатларига авиачипталарни мустақил равишда расмийлаштиришингиз мумкин.

Буюртмани расмийлаштириш тартиби оддий ва тушунарли. Бунинг учун сиз авиакомпания сайтига киришингиз керак. Хизматлар авиачипталар сотишнинг амалдаги қоидаларига мувофиқ амалга оширилади ва UzCard пластик карталари воситасида авиачипталар учун ҳақ тўланади. Кейинги босқичда VISA ва Mastercard валюта пластик карталари ёрдамида ҳақ тўлаш тизимини амалга татбиқ этиш режалаштирилган.

Интернет орқали бронлаш ва ҳақ тўлаш муваффақиятли амалга оширилганда, бронлаш пайтида кўрсатилган электрон манзилга ва мобиль телефонга электрон чиптанинг йўналиш чоп этилган шаклини оласиз, унда Сизнинг сафарингиз ҳақида батафсил маълумотлар акс этади, шунингдек, харид тасдиқлангани ва UzCard пластик карточкасидан маблағ ечиб олингани тўғрисида СМС-хабар ҳам оласиз.

Учиб кетиш аэропортида электрон авиачиптанинг чоп этилган шаклини ва йўловчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (паспортни) кўрсатиш кифоя.

Интернет орқали бронлаш ва ҳақ тўлаш қатнов учиб кетишидан камида 3 соат олдин амалга оширилиши мумкин.

Мавзуга оид