Фан-техника | 17:20 / 20.10.2016
6411
2 дақиқада ўқилади

АҚШда T-Mobile оператори секин интернет учун 48 млн доллар жарима тўлайди

Фото: dw.com

T-Mobile уяли алоқа оператори Федерал алоқа комиссиясининг даъволарини бартараф этиш учун АҚШга 48 млн доллар жарима ва товон пули тўлайди. ФАК компания  ўз мижозларини чалғитиб, хизматлари ҳақида тўлиқ бўлмаган маълумотларни етказиб бераётганини аниқлаган. Бу ҳақда Wall Street Journal хабар берди.

Федерал алоқа комиссиясининг қайд этишича, T-Mobile фойдаланувчиларга ўз мобил ва интернет алоқа хизматларининг лимитсиз тариф режаларини сота туриб, абонентлар юкланаётган ёки юборилаётган маълумотлар ҳажмини маълум бир чегарадан оширганидан сўнг интернетга уланиш тезлигини кесиб ташлаган. Бундан ташқари, компания мазкур лимит қандай даражада қўйилганини фойдаланувчиларга маълум қилмаган.

"T-Mobile реклама кампанияси  мижозлар чексиз тариф режасини сотиб ола туриб, янада тезроқ ва яхшироқ хизматни кутишган эди, натижада эса улар учун мутлақо кутилмаган иш бўлди", дейилади ФАК аризасида.

Юқорида қайд этилган 48 млн долларнинг 7,5 млн долларини жарима ташкил этади, яна 35,5 млн доллар эса мижозларга товон пули тўлаш учун сарфланади. Қолган 5 млн долларни эса T-Mobile, келишув шартларига мувофиқ, хайрия ишларига сарфлаши, жумладан, мактаб ва даромади кам бўлган оила фарзандлари учун бепул интернет-алоқани таъминлаб беришга сафарбар этиши лозим бўлади.

Мавзуга оид