Жамият | 10:16 / 20.10.2016
5755
3 дақиқада ўқилади

Хитойда порахўрлар ҳақида ҳужжатли сериал ишланди

Фото: QZ

Хитойда юқори лавозимли порахўр амалдорлар ҳаёти ҳақида ҳужжатли сериал томоша қилина бошланди. Бу ҳақда Quartz хабар бермоқда. 

"Ҳамиша йўлда" деб номланган сериалда 8 та серия бўлиши режалаштирилмоқда. Сериал CCTV давлат телекомпанияси томонидан ишланмоқда. Сериалнинг "Халқ қўллаб-қувватлови" деб номланган 1-серияси 17 октябрда намойиш қилинган. Серия бошида томошабинлар Хитой раиси Си Цзиньпиннинг янги йил мурожаатини кўришлари мумкин бўлган. Бу мурожаатда Хитой етакчиси коммунистларни интизомга риоя қилиш ва коррупция билан аёвсиз курашишга чорлайди.

Бу серияда шунингдек Хитой Компартияси марказий қўмитаси сиёсий бюросининг собиқ аъзоси Чжоу Юнкан устидан суд жараёни лавҳалари кўрсатилди. Сериалнинг қолган вақтида эса ўз жиноятлари ҳақида сўзлаб берувчи уч нафар коррпуциячининг тавбаси ва полиция ва партиянинг интизомни текшириш комиссияси ходимларининг изоҳлари намойиш қилинган. Телесериалнинг "қаҳрамонларидан" бири, Сичуань вилояти партия қўмитаси котиби собиқ ўринбосари Ли Чуньчэн "ҳаёт жонли эфирга ўхшашлигини, унда қилиб бўлинган ишни тузатиб бўлмаслигини" айтади ва шундан кейин ҳўнграб юборади.

Интернетда сериал 16 млн мартадан кўпроқ марта кўрилган. Таъкидланишича, кўпчилик томошабинлар сериалдан завқланганлар. Томошабинлардан бири "Хитой партия идоралари қандай мушкул иш олиб бораётганини ўз кўзи билан кўрганини ва уларнинг боддхисатванинг (Будда бўлишга қарор қилган киши) яхшилиги каби эзгу ишларини ҳис қилганини" айтган. Сериал Хитой коммунистик партияси марказий қўмитасининг 18-чақириқ 6-пленуми олдидан намойиш қилина бошланди. Бу пленум 24-27 октябрда бўлиб ўтади.   

Хитой раиси 2012 йилда ҳокимият тепасига келгандан кейин мамлакатда катта кўламли аксилкоррупцион кампанияни бошлаган. "Кураш "пашшалар" (майда порахўрлар) ва "йўлбарслар"га (йирик порахўр амалдорлар) қарши олиб борилиши лозим", деб айтган Си Цзиньпин. 

Мавзуга оид