09:43 / 22.10.2016
15833

АҚШда роҳиба аёл 19 ёшли йигитни ўлдирганини тан олди

Фото: Reuters

АҚШда 19 ёшли йигит Лукас Леонардни ўлдирганликда гумон қилинаётган роҳиба аёл ва унинг 3 нафар шериги суд билан ҳамкорлик қилишга қарор қилиб, айбига иқрор бўлишган.  

Нью Йорк штати Нью Ҳартфорт шаҳридаги протестанлик мазҳаби эллигинчи йўналиши Word of Life черкови роҳибаси Тиффани Ирвин биринчи даражали ҳужум ва иккинчи даражали қасдсиз қотиллик содир этиш бўйича айбини тан олган ва 12 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган. Маҳкама қарорига биноан қолган икки айбланувчига 5 йилдан, яна бирига 8 йиллик қамоқ жазоси тайинланган, деб тафсилотлар билан ўртоқлашмоқда TWC News телеканали.

Умуман, 2015 йил 11 октябрда содир этилган жиноятда 9 нафар киши айбланган. Хусусан, марҳумнинг ота-онаси ва ўгай опаси ҳам шулар жумласидан. Бундан аввалроқ, 5 нафар айбланувчи иқрорномани имзолашган эди. 

Тергов жараёнида аниқланишича, Лукас ва унинг 17 ёшли укаси Кристоферни 10 соатдан кўпроқ вақт мобайнида черков биносида уришган. Бу жараёнда иштирок этганларнинг уқдиришича, улар шу йўл билан ёшларнинг тавба қилишларига эришмоқчи бўлишган. Натижада Лукас ўлган, Кристофер оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. 

Терговчиларга кўра, роҳиба шахсан йигитларга тан жароҳати етказмаган бўлса-да, воқеаларни кузатиб турган. 

Жиноий ишнинг яна беш нафарига ноябрь ва декабрь ойларида ҳукм ўқилиши хабар қилинмоқда.

Top