19 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Съездда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

У ўз маърузасида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш — амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда тинчлик, тотувлик ва барқарор вазиятни таъминлашнинг асосий кафолати эканини таъкидлади.
Ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари тўғрисида сўзлар экан, амалдаги бош вазир ҳамда Президент в. б. қуйидаги савол билан мурожаат қилди: «Одамлар биздан нимани кутаяпти? Энг аввало, давлат идораларига қилган мурожаатлари ўз вақтида, холисона ва қонуний ҳал этилишини кутмоқда».
Жорий йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага 137 минг, Олий судга 67 минг, Адлия вазирлигига 52 мингдан зиёд келиб тушган мурожаатларнинг салкам 30 фоизи бевосита тергов-суд фаолияти ва суд қарорлари ижроси соҳасидаги масалалар билан боғлиқ. Мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида такрорий мурожаатлар сони ортиб бормоқда.
«Қани, айтингчи, бу аҳволда аҳолининг умуман суд-ҳуқуқ тизимига ишончи ва уни мустаҳкамлаш тўғрисида гапириш мумкинми ўзи?» — дея яна бир саволни ўртага ташлаб, унга қуйидагича жавоб берди: «Биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлар билан ишлашга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш керак».
Шавкат Мирзиёев биринчи Президент Ислом Каримовнинг «Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди», деган сўзларини эсга олиб ўтди.
«Аммо, бугунги кунда судларда ишларни кўриб чиқишда юз бераётган оворагарчилик жойларда фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда», — деди у.
«Энг ачинарлиси, кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган. Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта», — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
«Суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши керак», — дея давом этган Президентликка номзод.







