Франциянинг Кале шаҳри яқинидаги ноқонуний муҳожирларнинг ноқонуний лагери душанба кундан бошлаб бузила бошланди. Муҳожирлар бошқа марказларга жўнатилмоқда. Ноқонуний лагернинг бузилиши чегара муносабатларини меъёрга солувчи Франция-Буюк Британия Битимига мос келади.

Буюк Британия парламентининг Викилар палатасида чиқиш қилган Ички ишлар вазири Эмбер Радд шундай баёнот берди: “Лагернинг бузилиши нафақат бизнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларга, балки миллий манфаатларимизга ҳам мос келади. Чунки, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан муҳожирларнинг келиши Франциянинг мазкур битимга амал қилишини савол остига қўярди”.
2003 йилда Лондон ташаббуси билан Франция ва Буюк Британия ўртасида Буюк Британияга келувчи муҳожирлар оқимини тартибга соладиган битим имзоланган эди. Бу ҳужжатга кўра, паром ёки темир йўл орқали Ла-Манш бўғозидан ўтувчи муҳожирлар Франция ҳудудларида текширилади. Шу сабабли ҳам Кале шаҳрида муҳожирларнинг ноқонуний лагери пайдо бўлган эди. Улар айнан Кале шаҳри орқали Буюк Британияга осонлик билан ўтишни мўлжаллашган.

Айни дамда ноқонуний муҳожирлар лагерида бўлган 2 минг 318 муҳожир қонуний ташкил этилган марказларга жойлаштирилди. Уларнинг 1918 нафари балоғатга етмаган болалардир. Муҳожирларни мамлакатдаги 80та марказга элтиш учун 45та автобус жалб қилинди. Франция Ички ишлар вазири Бернар Казнёвнинг айтишича, Буюк Британияга юбориладиган 400 нафарга яқин ўсмир муввақат марказга жойлаштирилди. Муҳожирларни кўчириш амалиётларига 1200 нафардан ортиқ полиция ва жандармерия ходимлари жалб этилди. Бернер Казнёвнинг сўзларига қараганда, Буюк Британия балоғатга етмаган барча муҳожирларни қабул қилишга рози бўлган. Лондон муҳожирлар билан боғлиқ инқирозни ҳал қилиш мақсадида Францияга қўшимча 40 миллион евро ажратади.

Лагернинг бузилишини орзиқиб кутган маҳаллий аҳоли ўз хурсандчиликларини яшира олмаяпти. Улар эндиликда тинч-ошойишта ҳаёт бошланишига умид қилишмоқда.

Бугунги кунда Калега кўплаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. 450 нафардан ортиқ журналист аккредитациядан ўтган. Бироқ рўйхатдан ўтмаган журналистлар ҳам борлиги сир эмас. Умумий ҳисобда шаҳарда 700 нафарга яқин журналист фаолият юритмоқда.




















