Россия ҳарбий кемаларига рухсат берган Испания танқид қилинмоқда
НАТО аъзоси ҳисобланувчи Испаниянинг Россия ҳарбий кемалари гуруҳини ўз портига киритгани ғарб сиёсатчилари ва ҳарбийларининг кескин норозилигини келтириб чиқарди. Россия Шимолий денгиз флотига тегишли ҳарбий кемалари ёқилғи қуйиб олиш ва озиқ-овқат ғамлаш мақсадида Испания портига кирган, деб хабар қилмоқда Британиянинг The Guardian газетаси.
Маълум бўлишича, Россия ҲДФнинг Ўрта ер денгизига йўл олаётган "Адмирал Кузнецов" авиаташувчи крейсери етакчилигидаги авиация гуруҳи Гибралтар бўғозидан ўтгач, Испаниянинг Сеута портига кирган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия ушбу кемаларни Ҳалабдаги фуқаролик иншоотларига ҳаво зарбалари беришни кучайтиришда қўллашидан "ташвиш" билдирган эди.
Унинг қўшимча қилишича, альянснинг ҳар бир мамлакати "бу каби кемаларнинг Ўрта ер денгизи шарқига боришда захираларни тўлдириб олиш ва ёқилғи қуйиб олиш учун портларга киритишни мустақил ҳал этишлари лозим".
Буюк Британия собиқ мудофаа вазири Жеральд Ҳовард Испаниянинг рухсат берганини "умуман кераксиз" қарор деб атаган бўлса, Британия қироллик ҲДК собиқ қўмондони лорд Алан Уэстнинг фикрича, "Россияга санкциялар жорий қилинган бир вақтда НАТО иттифоқчисининг бу қилмиши номақбулдир".
Британия ТИВ вакилининг баёнот беришича, "портга киритишга рухсат бериш Испания ҳукумати қароридир. Аммо, расмий Лондон маъмурияти Испания раҳбариятига Россия кемаларига меҳмондўстлик қилиш борасида ўз ташвишини билдирган. Чунки, барча Россиянинг ҳарбий фаоллигидан хавотирда".
Бельгиянинг собиқ бош вазири, айни вақтда Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиши бўйича музокараларда Иттифоқ вакили бўлган Ги Верховстадт Испания қарорини "зиддиятли" дея баҳолаган.
Мавзуга оид
21:44 / 12.11.2024
Испаниянинг қатор ҳудудлари кучли ёғингарчилик хавфидан огоҳлантирилди
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
14:30 / 12.11.2024