Экспертлар гуруҳларининг йиғилиши ўтказилди
2016 йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида жойларда участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ҳудудий семинар-тренингларни уюшқоқлик билан ташкил этиш масалаларига бағишланган экспертлар гуруҳларининг йиғилиши видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди.
Тадбирда Марказий, округ сайлов комиссиялари аъзолари, депутатлар, сайлов ҳуқуқи соҳаси бўйича олим ва мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссиясининг 13 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил қилиш масалаларига бағишланган тадбирлар режаси қабул қилинган эди. Ушбу режа асосида республика семинар-тренинги шу йилнинг 20 октябрь куни ўтказилди.
1-10 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимларини янада юксалтириш ҳамда уларнинг сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этиш белгиланган.
Шуни ҳисобга олган ҳолда йиғилиш иштирокчилари участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ҳудудий семинар-тренингларни уюшқоқлик билан ўтказиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, ўтказиладиган тадбирлардан мақсад участка сайлов комиссиялари барча аъзоларини қамраб олган ҳолда комиссия фаолиятининг муҳим жиҳатларига, чунончи сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловчилар рўйхатини тузиш ва унга ўзгартишлар киритиш, муддатидан олдин овоз беришни ҳамда сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, кузатувчилар институти аҳамияти, оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашдаги роли сингари муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишдир.
Сўзга чиққанлар ҳудудий семинар-тренингларни эркин фикр алмашуви, савол-жавоб тарзида ўтказиш юзасидан ўз таклифлари ва тавсияларини билдиришди.