12:43 / 11.11.2016
33714

Ўзбекистонда янги электр узатиш линияси қурилиши бошланди

Фото: nb.kz

«Ўзбекэнерго» АЖ Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида «220 кВ ли Тахиатош ИЭС — Хоразм нимстанцияси — Саримой аҳоли яшаш жойи (Хоразм вилояти) электр узатиш линияси қурилиши» лойиҳаси доирасида юқори вольтли электр узатиш тармоғи қурилишини бошлади. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» сайтида хабар берилган.

Компания сайтида хабар қилинишича, технологик ускуналарнинг биринчи партиясини харид қилиш бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Таклифлар 2017 йил 11 январга қадар қабул қилинади. Танлов якунлари келгуси йилнинг биринчи чорагида эълон қилиниши мумкин.

Тахиатош ИЭС ҳамда «Хоразм» ва «Элликқалъа» нимстанцияларини ўзаро боғловчи 364 километр узунликдаги электр узатиш линияси электр энергияси оқимини шимоли-ғарбий энергоузелдан нисбатан тақчил бўлган мамлакат жанубидаги Самарқанд-Бухоро ва Сурхондарё узелларига янада кўпроқ етказишга имкон туғдиради. Лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг 150 миллион доллар миқдоридаги кредити ҳамда Ўзбекистон томони маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

РИА Новости хабарига кўра, бу лойиҳа қиймати 225 млн долларни ташкил қилади.

Лойиҳа эски блокларини фойдаланишдан чиқариб, қуввати 230−280 МВт бўлган иккита буғ-газ ускунаси (БГУ) қурилишини кўзда тутган Тахиатош ИЭС модернизацияси билан биргаликда амалга оширилади. Лойиҳани 2020 йил сўнгига қадар якунлаш режалаштирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон электр энергияси тармоғида 45 электростанция мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қуввати 12,5 минг МВтни ташкил қилади. Ушбу қувватнинг 12,1 минг МВти «Ўзбекэнерго» тизимидаги электр станциялари томонидан, қолганлари эса кичик автоном ёки гидроэлектростанциялар томонидан ишлаб чиқарилади.

Top