Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик, динлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб ҳизмат қилувчидир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадим-қадимдан Юртимизда турли маданият, тил, урф-одатлар, ўз турмуш тарзига эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бу хусусида қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ деб биламан. Жумладан; “Бизнинг миллий хусусиятларимиз умуминсоний қадриятлар билан боғланиб кетган. Асрлар давомида халқимиз умумбашарий, умуминсоний қадриятлар такомилига улкан ҳисса қўшган. Турли миллат вакилларига ҳурмат, улар билан баҳамжиҳат яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш каби хусусиятлар ҳам халқимизда азалдан мужассам” – деб айтганлар.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, Юртимиз равнақи учун фаолият юритиб, бутун жаҳонга намуна бўлаётганлиги инсонни завқлантиради. Аллоҳ таоло буни бардавом қилсин. Республикамизнинг бош қомусида Юртимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги таъминланганлиги қайд этилган. Жумладан; Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар” деб қайд қилинган. Бу хусусида Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилган, бугунги кунда Ватанимизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги динийбағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва динлар орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Буни жаҳон тан олмоқда ва эътироф этмоқда.

Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз-халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритгандан сўнг орадан кўп ўтмай айтган сўзларини эслаб ўтиш айни муддаодир. Жумладан: “Бугун ана шу дин орқали вужудимизга мусаффолик, дилимизга, иншооллоҳ, поклик кириб келмоқда. Ахлоқ-одоб, маърифат яна хонадонимиз файзига, одамлар хислатига айланишида исломнинг ўрни бениҳоя бўлмоқда” деб гапириб ўтган сўзлари, динийбағрикенгликнинг динлар тарихини ўрганишда нечоғлик муҳим эканлигидан дарак беради.