Буюк Британиянинг The Financial Times газетасида "Ўзбекистон: электрон ҳукумат вакиллик демократияси ва давлат шаффофлигини оширишни таъминлайди" сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Бу ҳақда "Жаҳон" ахборот агентлиги хабар берган.

Мақола давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ва жадал ривожланишига бағишланган.

Мақолада Ўзбекистонда мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурининг амалга оширилиши ҳақида сўз боради. Газетада ушбу босқичда ижобий натижаларга эришилгани, хусусан 290дан ортиқ кўринишдаги давлат хизматларини кўрсатувчи интерактив давлат хизматлари ягона портали фаолият кўрсатаётгани эътироф этилади.

Мақолада ёзилишича, 2016 йил бошидан буён мурожаатлар сони 2 баравар ошган ва 800 мингдан ортиқни ташкил этди. Илгари давлат бу хизматларни қўл режимида кўрсатиши учун кўплаб ресурс сарфлашга мажбур бўларди.

Нашрда ёзилишича, давлатнинг муҳим қарорларни қабул қилишида фуқаролар ва тадбиркорларнинг иштирокини таъминлайдиган қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тизими яна бир самарали восита бўлди. Мазкур тизим орқали 800дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамадан ўтди ва 1400дан ортиқ изоҳ ва таклифлар олинди ҳамда уларнинг ярми қонунчилик ҳужжатларини тасдиқлашда инобатга олинди.

"Очиқ маълумотлар миллий Порталининг ишга туширилиши бизнес-стартапларни бошлашдаги муҳим омиллардан бири бўлди, ундан 630 минг мартадан ортиқ фойдаланилди. Портал ўз ичига 109 ташкилот томонидан тақдим этилган 1750та очиқ маълумотлар тўпламини ўз ичига олади", — деб давом эттирилади The Financial Times газетасидаги мақолада.

Мақолада солиқ ва статистика ҳисоботи, божхона декларацияларини расмийлаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва фирма номларини рўйхатдан ўтказиш кабилар энг талабгир онлайн хизматларга айлангани, “Электрон виза” тизими йўлга қўйилганлиги эътироф этилади. Шу билан бирга, давлат харидлари бўйича электрон савдоларнинг ягона механизми, тадбиркорларнинг хўжалик судларига даъво аризаси бериши бўйича электрон тизим, давлат хизматларини олиш учун ариза беришда ҳужжат қабул қилишнинг “ягона ойна” тизими самарали фаолият кўрсатмоқда. Шу тарзда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари энг талабгир ва оммабоп давлат хизматларига монитор ва смартфонлар орқали кириш имкониятига эга бўлдилар.