Financial Times нашрида замонавий Ўзбекистонга бағишланган махсус ҳисобот чоп этилди. 11 та мақоладан иборат ҳисоботда иқтисодий ўсиш, хусусийлаштириш, халқаро бозорларга кириш, яшил энергетика, рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, минтақавий халқаро муносабатлар, аҳолишуносликка доир мақолалар ўрин олган.
Биринчи мақола Ўзбекистондаги аҳоли сонининг ўсиши ҳамда ҳукуматни кутаётган ишсизликка доир муаммоларга бағишланади.
«Ўзбекистон – ёшлар мамлакати: ўтган 2020 йилда 800 мингта чақалоқ дунёга келган, бу – 2010 йилга нисбатан 25 фоизга кўп. UNICEF'нинг охирги ҳисоботларида мамлакат аҳолисининг деярли ярмини 30 ёшга тўлмаганлар ташкил қилиши айтилган. Бу Ўзбекистон тарихидаги энг кўп ишчи кучини ташкил қилади.
2046 йилга бориб, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 27 миллион кишига етиши кутилмоқда ва ҳукумат бу инсонларга иш топиб бериши керак бўлади. Лекин ҳозирги вақтнинг ўзида яна бир катта муаммо бор: ўзбекистонлик ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 15,2 фоизни ташкил қилади. Бу ўртача кўрсаткичлардан 1,5 баробар кўп. Кўплаб ёшлар муносиб иш қидириб мамлакатни тарк этмоқда.
Демографик муаммоларни ечиш мақсадида 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили» деб эълон қилинди.
Ёшларга доир давлат сиёсати ислоҳ қилиниб, унга ёшларни касбларга бепул ўқитиш, тадбиркорлик ва стартаплар учун грантлар эълон қилиш, аҳолининг деярли ярми истиқомат қилувчи қишлоқ жойларида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи ёшларга субсидиялар бериш каби янги лойиҳалар қўшилди. Шунингдек, янги дастур ёшларни маданият, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда санъатга жалб қилиш, уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш ва аёллар бандлигини таъминлашни ҳам ўз ичига олган.
БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аёлларнинг 33 фоизи асосий иш сифатида ҳақ тўланмайдиган иш фаолияти билан шуғулланади.

















