4 декабрда бўлиб ўтадиган Президент сайлови муносабати билан Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод ва унинг жойлардаги ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар қизғин паллага кирди. 

Жумладан, бугунги кунга қадар Хатамжон Кетмонов 11 марта учрашув ўтказди. Уларда 30 мингга яқин сайловчи иштирок этди. Номзоднинг ишончли вакиллари томонидан эса 30дан ортиқ учрашув ташкил қилиниб, уларда 5 мингга яқин сайловчи қамраб олинди.

Ўтказилаётган учрашувлар штаблар томонидан мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Хусусан, ҳар бир минтақада бўлиб ўтган учрашувдаги маърузаларнинг сайловчилар томонидан энг кўп мухокама қилинаётган қисмлари умумлаширилмоқда.

Фото:ndp.uz

Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашув.

- Кўриниб турибдики, бизнинг энг асосий ғоямиз – аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Бу мақсадни самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. 

Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти бу – уларнинг бандлигини таъминлашдир. Бунинг учун аввало, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур, деб биламиз.
Мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатьий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратишга энг муҳим масала сифатида қараймиз.

Ижтимоий ҳимоя борасида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни қамраб олувчи кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ижтимоий ва коммунал хизматларнинг сифатлилигини ва аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари учун мақбуллигини таъминлаш тарафдоримиз.

***