Meduza хабарига кўра, сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 07:00 да очилган. Бу ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумидан кейинги илк сайловдир.

Овоз беришдан бир неча кун аввал ўтказилган жамоатчилик фикри сўровларида «Ликуд» ва «Яшар» асосий рақобатчилар сифатида кўрсатилган.

Ҳукуматни мустақил шакллантириш учун партия 120 ўринли парламентда камида 61 та мандатга эга бўлиши керак. Бироқ сўровларга кўра, бу икки партиянинг ҳеч бири бундай натижага эриша олмайди. Шу сабабли коалицион ҳукумат тузилиши кутилмоқда.

«Ликуд» коалицияни бошқара олиши ва Нетаняҳу бош вазирлик лавозимини сақлаб қолиши сайлов натижалари ҳамда ундан кейинги музокараларга боғлиқ бўлади.

Сайловда жами 36 партия иштирок этмоқда. Кнессетга кириш учун улар камида 3,25 фоиз овоз тўплаши зарур. Сўровлар бу тўсиқдан 11–13 та партия ўтиши мумкинлигини кўрсатган.