Уч ёшли бола отасининг ҳаётини йогурт ёрдамида сақлаб қолди
Уч ёшли британиялик Ленни-Жорж Жонс исмли бола зукколиги сабабли диабетик комага тушиб қолган отасининг ҳаётини сақлаб қолди. У 34 ёшли отаси Марк билан бирга уйда бўлганда қанд касаллигидан азият чекувчи отаси бирдан ҳушини йўқотиб қўйган. Маркнинг ҳушини йўқотишига унинг қонидаги шакар миқдорининг мумкин бўлган энг кам даражадан пасайиб кетгани сабаб бўлган. Бу ҳолатда эркакда жуда хавфли гипогликемик кома юзага келган, бунда агар одамга зудлик билан ёрдам берилмаса, у вафот этиши ҳам мумкин. Бахтга қарши бу вақтда Маркнинг олдида унинг митти ўғлидан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Бу ҳақда Mirror нашри хабар бермоқда.
Бироқ зукко болакай ҳеч ҳам ўзини йўқотиб қўймай музлатгичга қараб отилган ва махсус зиначага кўтарилиб, у ердан икки дона ширин йогурт олган. Сўнгра у пластмасса қошиқни олиб, йогуртни очиб, қошиқ ёрдамида уни отасининг оғзига сола бошлаган. Ширинлик Маркнинг қонидаги шакар миқдорини оширган ва у ўзига келган ҳамда дорисига етиб бора олган.
"Менинг турмуш ўртоғим биринчи турдаги қанд касалидан азият чекади ва кунига 4 маротаба инсулин қабул қилади. Барчаси мен яқин орада яшайдиган онамникига кетганимда содир бўлган. Мен 30 дақиқача уйда бўлмагандим, қайтганимда эса эрим диванда ётарди. Мен ундан кўриниши нега бунчалик ёмонлигини сўраганимда, ёнимда ўғлим пайдо бўлиб, дадасини қутқариб қолганини айтди. Марк буни тасдиқлади. Ўғлим дадаси ўзига келмагунча унга йогурт берган", деб айтмоқда боланинг онаси Эмма.
Агар болакайнинг ўз вақтида берган ёрдами бўлмаганда Маркнинг тақдири аянчли тугаши ҳам мумкин эди. Бундай жасоратдан кейин ота-она қаҳрамон фарзандини янада кучлироқ сева бошлади.