Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Номзод ўз нутқида шаҳарда аҳоли учун шароитларни янада яхшилаш масаласи хусусида сўз юритган. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган.

Бугунги шиддатли глобаллашув замонида барча турдаги инфратузилма тармоқларини ривожлантириш ва уларни жаҳон талаблари даражасига яқинлаштириш келгуси йилларда иқтисодий дастурларни амалга оширишда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, бизнинг энг муҳим вазифамиз – одамларнинг бунёдкорона меҳнати, ҳаёт таъминоти ва дам олиши учун қулай ва муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборат. Шу муносабат билан сизларни жорий ва истиқболдаги режаларимиздан хабардор қилмоқчиман. 

Биринчи – кўп қаватли янги ва шинам уй-жойларни барпо этиш масалалари. 

Шаҳарнинг бош режасига асосан, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида, 290 минг одам ёки 86 минг оила учун умумий ҳажми 8 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган янги кўп қаватли уйлар барпо этилади.

Бу жараён нафақат моддий жиҳатдан етарлича таъминланган одамлар, балки аҳолининг ўрта тоифаси учун ҳам мўлжалланиши зарур.

Яна бир масала – бу эскирган уй-жойлар муаммоси. Ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтимизда 76 мингга яқин хонадон 60 йил аввал қурилган ва яшаш учун хатарли бўлган эски уйларда ҳаёт кечирмоқда.

Айнан шу боис биз бу борада мутлақо янги дастурни амалга ошириш бўйича, яъни 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли арзон уй-жойлар қуриш тўғрисида қарор қабул қилдик.

Даромади юқори бўлмаган, шунингдек, эски уйларда яшаётган оилалар имтиёзли ипотека кредитлари ва солиқ имтиёзлари асосида бундай уйлардан квартира харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Хусусан, дастлабки босқичда ушбу мақсадларга келгуси 5 йилда жами 2,5 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Жумладан, 1,8 триллион сўм банкларнинг имтиёзли кредитлари ва 615 миллиард сўм аҳолининг бошланғич бадаллари ҳисобига шакллантирилади. Бунинг эвазига 32 минг хонадондан иборат бўлган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади.

Бундан ташқари, яқин 5 йил ичида шаҳарнинг ҳир бир туманида 20 тадан, жами 200 та кўп қаватли уй барпо этилади.
Турар-жой мавзеларини қуришда уларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик тармоқлари билан таъминланиши, уйларнинг атрофини обод қилиш кўзда тутилган.