Жамият | 14:57 / 26.11.2016
19365
2 дақиқада ўқилади

Олмазор туман электр таъминоти корхонасидаги қинғирликлар фош этилди

Фото: © Getty Images

Шерзод Мамаджонов Олмазор тумани электр таъминоти корхонасида 2013 йилда назоратчи сифатида иш бошлади. Унга ишонч билдирилади ва у бир ой ўтар-ўтмас корхона раҳбари лавозимига тайинланади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
“Baraka yutuq” МЧЖдаги электр ҳисоблагичнинг уланиш схемаси нотўғри бўлганлиги сабабли, ҳисоблагич 63 фоиз истеъмолчининг фойдасига ишлаётгани аниқланган.

Шунингдек, 2013 йил 23 сентябрда электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан далолатнома расмийлаштирилган бўлса-да, Ш.Мамаджонов мансаб ваколатини суиистеъмол қилади. Яъни корхонанинг етакчи ҳисобчиси Г.Адилова ҳамда бошқа шахслар билан ўзаро келишиб, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритади ва ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан далолатнома асосида 191 млн. 271 минг сўм миқдоридаги маблағни истеъмолчидан ундириш чорасини кўрмайди. Шунингдек, ушбу сумманинг қайта ҳисоб-китоб қилинишига йўл қўйилиб, истеъмолчидан фақат 3 млн. 783 минг сўм миқдоридаги маблағ ундирилади. 187 млн. 487 минг сўм растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиниб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилади.

Орадан икки ой муддат ўтмасдан “Billur teks” МЧЖдаги электр ҳисоблагич билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз бергани аниқланади. Натижада истеъмолчидан 26 млн. 933 минг сўм ундирилгани ҳолда, жами 271 млн 666 минг сўм миқдорида давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилади.

Бундан ташқари, Ш.Мамаджонов бошчилигидаги корхона мутасаддилари ҳисоботларга сунъий равишда истеъмолчилари номаълум бўлган электр энергияси, деган сохта маълумотлар киритишади. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2 млрд. 667 млн. 748 минг сўмлик зарар етади. 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судланувчиларнинг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинлади. Шунингдек, улардан етказилган зарарни солидар тартибда ундириш ҳам белгиланди.
 

Мавзуга оид