Испаниянинг Валенсия шаҳрида “Ўзбекистон Президент сайлови арафасида” мавзуига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси ва Валенсия Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Испания Конгресси депутатлари, мамлакатнинг расмий, сиёсий, ишбилармон доиралари вакиллари, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Улар республикамизда Президент сайловларига тайёргарликнинг бориши, давлат раҳбари лавозимига номзодларнинг дастурлари, бу жараёнда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг тутаётган ўрнига доир маълумотлар билан атрофлича танишдилар.
Шунингдек, бутун сайлов жараёни шаффофлик ва демократия тамойиллари асосида ўтиши таъминланиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг боришини мониторинг қилишга халқаро кузатувчилар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг миссияси кенг жалб этилганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу сайлов кампаниясига ва умуман, Ўзбекистонда кечаётган долзарб ижтимоий-сиёсий жараёнларга Испания томони вакиллари катта қизиқиш билдиришди. Буни анжуманнинг айрим иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги учун берган интервюлар мазмунидан ҳам билиш мумкин.
Хосе Мария Чикиё Барбер, Испания Конгресси депутати:
- Мустақил ривожланишнинг ўтган 25 йили мобайнида демократия, эркинлик ва барқарорликни таъминлаш борасида катта тараққиётга эришган Ўзбекистон бугун навбатдаги муҳим босқич - мамлакат келажаги учун улкан аҳамиятга эга бўлган сайлов арафасида турибди. Жорий йил 4 декабр куни Ўзбекистон халқи демократик ва эркин сайловлар чоғида тўрт сиёсий партиядан илгари сурилган тўрт нафар номзод орасидан янги Президентни сайлайди. Шубҳа йўқки, бу сайловлар республика учун, унинг бундан кейинги фаровонлиги учун фундаментал аҳамиятга эгадир.
Биз Европада, жумладан, Испанияда туриб Ўзбекистон доимо тинч, барқарор ва демократик давлат бўлиб қолишига тилакдошмиз.
Хесус де Салвадор, профессор, Валенсия Халқаро стратегик тадқиқотлар институти директори:
- Ўзбекистон кўҳна қитъанинг қоқ юрагида жойлашган жуда муҳим стратегик Осиё давлатларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакат тарихий воқеа - Президент сайлови остонасида турибди. Мамлакат тақдири қўлида турган ўзбек халқи сайловда бу муҳим ва масъулиятли лавозим учун энг муносиб бўлган номзодни ёқлаб овоз беради.











