Сеулда Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди
Инха университетида (Корея Республикаси) олдинда турган Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Тадбир чоғида ушбу муҳим сиёсий воқеага тайёргарлик жараёнлари, сиёсий партиялардан давлат раҳбари лавозимига илгари сурилган номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Шу билан бирга, республикамизда бутун сайлов жараёнини тартибга соладиган, халқаро андозаларга мос салмоқли меъёрий-ҳуқуқий замин яратилганига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, бу соҳада қабул қилинган барча қонунчилик ҳужжатлари адолат, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига мувофиқ равишда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига қатъий риоя этилишига, сайловчиларга ўз хоҳиш-иродаларини эркин ифода этишлари учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган.
Тадбир чоғида тақдим этилган маълумотлар иштирокчиларда кучли қизиқиш уйғотди. Улар Ўзбекистонда сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга, жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми ва мустақиллигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирларга ижобий баҳо бердилар.
Масалан, Инха университети профессори Сонг Донг Ки бўлиб ўтган тақдимот ахборотга бой ва мазмундорлиги боис Ўзбекистондаги сайловолди кампанияси тўғрисида атрофлича тасаввур берганини таъкидлади. Унинг эътироф этишича, мамлакатимиз сайловларни юксак даражада ташкил қилиш юзасидан катта тажрибага эга. “Шу боис олдинда турган сайловлар фуқароларнинг юқори даражадаги фаоллиги остида ўтишига ишончим комил”, деди у.
Ўз навбатида, Сеул Миллий университетининг Осиё мамлакатларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот маркази директори Канг Мюнг Гу ҳам республикамизда Президент сайлови адолатлилик ва холисликка асосланган ҳолда ўтажагига амин эканлигини айтди.
“Ушбу муҳим сиёсий воқеа арафасида сайловларда шаффофликни таъминлаш юзасидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилди. Сиёсий партиялардан давлат раҳбари лавозимига илгари сурилган номзодларнинг барчасига сайловолди ташвиқотини олиб боришлари, жумладан, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишлари учун тенг имкониятлар тақдим этилди. Сайлов жараёнида халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши Ўзбекистоннинг умум эътироф этилган демократик меъёрларга содиқлигини намоён қилиши баробарида сиёсий тизим барқарорлиги мустаҳкамланишига кўмаклашади”, деди эксперт.
Кемён университети Сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар факултетининг профессори, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Чон Де Ван олдинда турган сайловда халқаро кузатувчи сифатида қатнашиш имкониятига эга бўлганидан ғоят мамнун эканлигини маълум қилди.
- Мен катта аҳамиятга эга воқеанинг шоҳиди бўламан, - деди дипломат. - Сайловда ўзбек халқи мамлакат келажаги учун овоз беради. Ўзбекистон миллий сайлов тизими шаклланишининг асосий босқичлари, сайлов жараёнини тартибга солувчи қонунчилик асосларининг ривожланиши ҳамда давлат раҳбари лавозимига номзодларнинг дастурларидан яхши хабардорман. Шу боис халқаро андозалар ҳисобга олинган ҳолда сайловларни ўтказишга кўрилган тайёргарлик юқори баҳога лойиқ эканлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
“Жаҳон” АА
Мавзуга оид
14:40 / 30.10.2024
Киев ва Сеул КХДРга қарши туриш учун алоқаларни фаоллаштирмоқда
08:50 / 22.10.2024
ОАВ: Сеул Украинага разведка ходимларини юбориши мумкин
10:51 / 22.07.2024
Сеул КХДРни яна чиқинди шарларини учиришда айблади
10:18 / 25.01.2024