Биз мўминлар бировнинг ҳақидан қўрқиш, бировларга озор етадиган амаллардан қайтарилганмиз. Бировнинг ҳақи деганда ўзгаларнинг молу мулкини алдов, тажовуз, зулм ва босқинчилик каби йўллар билан ейиш каби амаллар кирадими ёки бошқа шунга ўхшаш амаллар ҳам кирадими? Бунга бугунги куннинг баъзи тарбиясиз ҳайдовчилари ҳам кириши мумкинлигидан огоҳ этмоқчимиз.

Бир ҳайдовчи йўлда беҳосдан бошқа машинани сиқиб қўйди ва узрини айтди. Аммо жоҳил ҳайдовчи унинг узрини қабул қилмади ва йўлда аварияга тушадиган ҳолга тушириб қўйди. Узр сўраган ҳайдовчи уни орқасидан қувиб етиб йўл четига сиқиб тўхтатди ва ўртада даҳанаки жанг кетди. Она ҳам қолмади, бир-бирларини роса сўкишди. Бошқа бири тезликни ҳаддан ошириб одамлар ҳаётига хавф солди. Бошқа бири светафор чироғига амал қилмай, аварияга сабабчи бўлди. Бу ишлар жоҳил ва аҳмоқ инсонларнинг амали эканини, ҳам ўзгаларнинг ҳақига хиёнат эканини билишадими? Йўл патрул постидан ҳамма навбат билан ўтаяпти, аммо баъзи бир учарлар ҳеч кимга қарамасдан олдинга тиқилиб тез ўтиб кетади. Навбат билан келаётган шунча одамни ранжитди ва уларнинг ҳақига хиёнат қилди, баъзи бир ёшлар кекса ҳайдовчиларни назар писанд қилмагани боис лаънатга қолади.

Светофор ёнида турибман, бир машина тез келиб тўпланиб турган сувни йўлдан ўтаётган кекса аёлнинг устига сепиб ўтиб кетди. Онахон шаллоба бўлди ва оғзидан: “Илоё, аварияга учраб ўл”, деган қарғиш чиқиб кетди. У аёл жаҳл билан, жон дилдан ғазаб устида қарғади. Шу аёлнинг дуоси мақбул бўлса, у йигитнинг ҳаёти кесилади. Наҳотки, қарғишдан қўрқмасак. Аслида савол бермоқчиман: “Қонун-қоида ким учун ишлаб чиқилади ва светофор кимлар учун қўйилади?" Ҳайдовчи қасддан тезликни оширса, кимнингдир ўлимига сабабчи бўлса, бу дунё қонунидан қутулиши мумкин, аммо Аллоҳ таолодан, қасос талаб қиладиган жароҳатланиб майиб бўлган ёки ўлган одамнинг даъвосидан қутуладими? “Эй Аллоҳ, бу банданг мени ўлдирди, бола-чақамнинг етим бўлишига, қийналишига сабабчи бўлди, буни дўзахийлардан қилгин”, деб даъво қилса, даъвоси инобатга олиниб дўзахга ташланилса, ким унга раҳим айлайди”. Аллоҳ таоло банда билан ўзининг орасидаги баъзи гуноҳларни кечириши мумкин. Мисол учун, вақтида намоз ўқий олмасдан қазо қилса, кечириши мумкин, аммо банда билан банда ўртасидаги хиёнат ва даъволарни жабрланувчи кечирмаса, кечирмайди. Қолаверса, бировга озор берадиган одам мўмин бўлмайди. Кўча одоби, муомала маданияти, кийиниш маданияти бор. Ҳайдовчиликка ўқийдиганларга маърифат дарсларини ҳам ўтиш керак.

Европа давлатларидан бирига борган бир киши машинаси билан йўлда туриб қолибди. Бир вақт эшикдан чиқиб қараса, орқасида машиналар қатор бўлиб турган эмиш. Биронта машина сигнал чалмаяпти. Бугун машиналарнинг сигнал бериш одобсизликларидан дод дегинг келади. Йўлдан ўтаётган кекса бир одам яқинлашганда сигнал бериб чўчитадиганлар, хохолаб куладиганларга нима дейсиз? Ўша одамнинг қон босими бўлса ёки юраги хаста бўлса, қон босими ошиб кетса ва қарғаса, шу ҳайдовчининг умри зомин бўлмайдими? Ёки ярим тунда кўп қаватли уйлар ёнига келиб магнитофонни бақиртириб, бемаза мусиқа қўйиб, ҳаммани безовта қилган ҳайдовчи яхши қарғишлар билан сийланади ва яна биринчи бўлиб падари, яъни ота-онаси тарбия бермагани учун лаънатланади. “Сенга тарбия берган падарингга минг лаънат”, деб қарғайдиганлар бор. Ота-оналар фарзандига машинани лаънат олиш учун олиб берганмидилар? Ҳар бир ота-она машина миниб кўчага чиқаётган болаларига йўл қоидасини бир эслатиб, сўнгра йўлга чиқишга рухсат берсин.