“Қаерда қонун ҳукмрон бўлса, шу ерда адолат қарор топади”, деган эди буюк саркарда, давлат арбоби Амир Темур.

Она Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб, Республикамизнинг биринчи Президенти марҳум ва мағфур юртбошимиз раҳбарлигида мустақил давлат янги қонунчилигининг яратилиши ва қабул қилиниши борасида дадил қадам ташланди. Бу борада керакли чора-тадбирлар амалга оширилди. Дастлабки қабул қилинган қонунлардан бири Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлиб, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди.

Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ҳамда виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, ўзаро ҳамкорлик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилгандир, десам муболаға бўлмайди.

Бош қомусимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари бўлими” (7-боби, умумий қоидалар) 18-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, деб ёзиб қўйилганлиги айни сўзимизга мисолдир.
Жаннатмакон юртимиз ўзининг 25 йиллик мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалари, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш, миллий ва диний қадриятларимизни қайта тикланиши, шунингдек, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби барча ютуқларимиз Бош қомусимиз – Конститутция ва у асосида қабул қилинган қонун, қарорлар, давлат дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилди. Бу борада муҳтарам марҳум биринчи Юртбошимиз қуйида эътироф қилган сўзларини эслаб ўтиш айни муддао бўлади, деб биламан. Жумладан: «Қабул қилинган Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир».

Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикасининг  Конституцияси юртимизда яшаб келаётган инсонларни тенглиги, уларнинг тили ва дини, урф-одатлари ҳамда миллий қадриятларининг гарови сифатида кишилик жамиятини барча жабҳаларда тараққиётга эришишга хизмат қилиб келмоқда. Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир мовий гумбаз остида тинч-тотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга тадбиқ этилганлигидан ва диёримиз кишиларнинг бағрикенглигидан дарак берувчидир.