АПЛнинг 15тур ўйинлари голларга бой бўлмоқда. Ортда қолган 5та ўйинда 23та гол урилди.

Кейинги турларда ҳимоядан кўра, ҳужумга кўпроқ эътибор қаратаётган «Кристал Пелас» иштирокидаги ўйинда ҳам бу сафар мухлислар зерикиб қолишмади. «Ҳалл Сити»га қарши ўйинда ҳисоб борасида қувлашмачоқ кузатилди ва ўйин 3:3 ҳисобида якунланди. Бу жамоа икки тур олдин «Суонси» майдонида 5:4 ҳисобидаги голлар шоусида иштирок этганди. Ўтган турда эса «Саутҳемптон» 3:0 ҳисобида таслим этилган - 3 ўйинда 10та гол урилди.

Алан Пардью жамоаси айни дамда 15 очко билан 14-ўринда, «Ҳалл Сити» эса 12 очко билан 19-ўринда жойлашган.

«Бёрнли» ва «Борнмут» ўйинида 3:2 ҳисоби қайд этилди. Шон Дайч жамоаси бу ғалабадан кейин 17 очко билан 13-ўринга кўтарилди, Эдди Ҳау шогирдлари эса 18 очко билан ўн биринчи ўринда қолмоқда.

Уэльсда «Суонси» «Сандерленд»ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. «Суонси» кўтарилишда давом этмоқда - 12 очко, 17-ўрин. «Сандерленд» эса лигани тарк этиш учун асосий даъвогар - 11 очко, 20 ўрин.

«Уотфорд» Англия чемпионатининг 15-турида «Эвертон»ни қабул қилди. «Викарэйдж Роуд» стадионида кечга учрашув мезбонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиннинг 17-дақиқасида Ромелу Лукаку «ирислар»ни олдинга олиб чиқди, аммо 36-дақиқада «асаларилар» жамоаси ҳужумчиси Стефано Окака Чука ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлим ўртасида мезбонлар ҳимоячиси Себастьян Прёдль ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди, кўп ўтмасдан Окака Чука дублни расмийлаштирди. 86-дақиқада Лукаку орадаги фарқни қисқартирди, аммо «Эвертон» дурангга эриша олмади.

Эндиликда «Уотфорд» 21 очко жамғарган ҳолда АПЛ турнир жадвалининг еттинчи ўрнига жойлашган, «Эвертон» (20) тўққизинчи поғонада қолмоқда.

Олдинда мухлисларни амалдаги чемпион «Лестер» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги баҳс кутмоқда.

11 декабрь куни ҳам тур доирасида 4та учрашув ўтказилади. «Челси» – «Вест Бромвич», «МЮ» – «Тоттенҳэм», «Ливерпуль» – «Вест Ҳэм» ва «Саутҳемптон» – «Мидлсбро».

Ҳалл – Кристал Пэлас 3:3