Ўзбекистон | 10:38 / 15.12.2016
38453
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни ислоҳ этишдаги 3 вазифани санаб ўтди

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида олдинда турган вазифалар ҳақида гапирди.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари! 

Мамлакатимиз Асосий қонунининг 78-моддасига мувофиқ, мамлакатни модернизация қилиш, жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришни таъминлашда муҳим ўрин ва жавобгарлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига юкланган. 

Бунинг учун учта вазифани амалга ошириш зарур. 

Биринчи вазифа – 2016 йил 7 декабрдаги тантанали мажлисда белгилаб берилган топшириқларнинг аниқ бажарилишини таъминлаш керак. 

Хабарингиз бор, мен Конституциямиз қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган ўша йиғилишда депутатлар ва сенаторларга бир таклиф билан мурожаат қилган эдим. Яъни, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишни таклиф этган эдим. 

Бунинг учун ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса беришлари лозим бўлади. Шу асосда ҳурматли Спикер ва Сенат Раиси жойларда ўзлари бош бўлиб, маҳаллий кенгашларда ана шундай муҳокамалар ўтказиш тизими жорий этилса, бу ишлар эртага албатта ўзининг ижобий самарасини беради. 

Иккинчи вазифа – «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг амалдаги ижросини барча соҳаларда мониторинг қилиш, шунингдек, бу борада хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш зарур. 

Шунинг учун кеча Олий Мажлис Сенати йиғилишида муҳим бир масала муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди. 

Маълумки, мамлакатимизнинг чет давлатлар билан иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва хорижда республикамизнинг иқтисодий имкониятларини кенг тарғиб қилиш орқали унинг халқаро нуфузини янада ошириш, инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш, туризм соҳасини янада ривожлантириш иқтисодий соҳадаги устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. 

Шу боис Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат идораларининг бу йўналишлардаги фаолияти устидан самарали парламент назорати тизимини яратиш мақсадида Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди ва бундан буён Сенатнинг тегишли қўмитаси фаолияти тубдан такомиллаштирилади. 

Учинчи вазифанинг аҳамияти ва муҳимлигини алоҳида таъкидламоқчиман – қонун талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан аниқ ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш керак. 

Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари – барча даражадаги ҳокимликлар, халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришни давом эттиришимиз зарур. Шунинг учун Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар бир вилоятда навбатма-навбат намунавий халқ депутатлари кенгашлари ишини ташкил этиш тажрибаси жорий этилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Уларнинг асосий мақсади ва вазифаси – аҳолининг барча тоифалари билан доимий мулоқотда бўлиш, фуқароларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини нафақат ўрганиш, балки уларни таъминлашдан иборат. 

Мавжуд муаммоларни амалда ҳал этиш, шунингдек, аҳоли учун эркин меҳнат қилиш, мазмунли дам олиш ва муносиб турмуш даражасини таъминлаш бўйича ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш лозим. Айнан ана шу мезонлардан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимият органларининг мамлакатимиз Конституциясининг 100- ва 101-моддалари талабларини бажариш бўйича фаолияти самарадорлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин ва зарур. Шунинг учун ҳам 2017 йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. 

Мавзуга оид