Жаҳон | 10:12 / 30.12.2016
15023
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 50 йил ичида биринчи марта собиқ ҳарбий қатл этилади

Фото: AP

АҚШда 50 йил ичида биринчи марта собиқ ҳарбийга нисбатан ўлим жазоси қўлланади, деб хабар бермоқда CNN телеканали. 

Ҳаво-десант батальонида ошпаз бўлиб хизмат қилган Рональд Грэй Шимолий Каролина штатида иккита қотиллик ва учта номусга тегиш жиноятини содир этгани учун 1988 йилда ҳарбий суд томонидан ўлим жазосига маҳкум қилинган. Кейинроқ у фуқаролик судида 2 та қотиллик ва 5 та номусга тегиш бўйича айбини тан олган. 

Телеканал маълумотларига кўра, Канзас суди судьяси Томас Мартен ўтган ҳафтада Грейнинг жазо ҳукмини ижро этиш бўйича аввал тақдим қилинган ортга суриш "бошқа кучга эга эмаслигини" айтган.

Агар жазо ижро этилса, унда бу 1961 йилдан бери биринчи марта собиқ ҳарбий қатл этилиши бўлади. Ҳозирда бу иш бўйича ўлимга олиб келувчи инъекция киритиш кўринишидаги қатл кўзда тутилган.

Ўлимга олиб келувчи инъекция киритиш

2008 йилда ўша пайтдаги АҚШ президенти Жорж Буш Грэйнинг қатл этилишига рухсат берувчи буйруққа имзо чекканди. Ўшанда федерал суд ҳукмнинг ижро этилишини кейинга қолдирганди. 

Армия вакиллари ва Грэй адвокати қатл ҳақидаги ахборотга изоҳ беришмаган. Ҳукм ижро этилиши санаси белгиланмаган. 

Телеканалнинг маълум қилишича, 1983 йилда ҳарбий ҳакамлик суди ўлим жазоси АҚШ қуролли кучлари ҳарбийларига жазо чиқарилишини кўзда тутувчи қоидалар билан боғлиқ муаммолар сабабли конституцияга зид келиши ҳақидаги фикрга келганди. Кейинроқ АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган ҳарбийлар учун олий жазо чорасини тиклаганди.

Таъкидланишича, фақатгина президент ўлим жазосини бекор қилиш ваколатига эга. Шунингдек, ўлим жазоси ижро этилиши учун президент рухсати талаб этилади. 

Мавзуга оид