Янги йил арафасида — 2016 йилнинг 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашди. Ушбу тадбирда, шунингдек, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда янги тарихий давр бошланди. Бу эса жамиятимизнинг барча жабҳасида, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий-гуманитар йўналишлари ва албатта, илм-фанда жадал ривожланишни талаб этаяпти. Чунки илм-фан ҳамда ҳаёт ўртасида шундай узвий боғлиқлик мавжудки, агар у турмушимизга қанча кўп хизмат қилса, ҳаётимиз ҳам илм-фанни бундан-да кўпроқ бойитади. Президентимиз билдирилган устувор вазифалардан шуни чуқур ҳис этиш, англаш мумкинки, илм-фан ва у билан мунтазам шуғулланаётганлар давлатимизнинг доимо эътиборидадир. Учрашувда қатнашган Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Эдвард Ртвеладзе билан суҳбатимиз илм-фанимизнинг келгусидаги ривожланиши истиқболлари ҳақида бўлди. 

— Эдвард Васильевич, давлатимиз раҳбари илм-фан намояндалари билан учрашувда бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётгани, бинобарин, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийинлигини алоҳида таъкидлади. Илм-фан ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу юксак эътибор Янги йил арафасида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонида ҳам ўз ифодасини топган. Бу ташаббус илм аҳли томонидан қандай кутиб олинди?

— Аввало, давлатимиз раҳбарига республикамизда илм-фан ривожига, академикларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратаётган юксак ғамхўрлиги учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Президентимизнинг ушбу ташаббуси мамлакатимизнинг барча илм-фан аҳли вакиллари томонидан тўла қўллаб-қувватланиб, катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Фармонга мувофиқ, юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар рўёбга чиқарилади. Алоҳида қайд этилганидек, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бугун жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва Фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш кераклиги жуда тўғри вазифа, деб ҳисоблаймиз.