Ўзбекистон | 17:31 / 11.01.2017
13988
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги янги ахборот тизимини ишга туширди

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги томонидан юридик шахсларнинг меҳнат дафтарчасига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш бўйича янги Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар берди.

Ишга туширилган тизим меҳнат дафтарчалари билан таъминлашнинг барча жараёнини автоматлаштиради: юридик шахслар томонидан меҳнат дафтарчасини олишдан тортиб, меҳнат органлари томонидан меҳнат дафтарчалари ҳаракатини тўлиқ ҳисобга олишгача, дейилади хабарда.

Юридик шахс хизматдан фойдаланиш учун Меҳнат вазирлигининг www.mehnat.uz расмий сайтидан бир маротаба рўйхатдан ўтиши лозим. Шахсий кабинетда юридик шахс меҳнат дафтарчасини олиш учун мурожаат йўллаши мумкин. Электрон мурожаат асосида ушбу мурожаатни меҳнат бўйича маҳаллий органлар ходимлари томонидан бажарилиши бўйича бизнес-жараёнлар ишга туширилади. 

Яна бир янгилик юридик шахслар томонидан Миллий кадр порталидаги шахсий кабинет орқали бўш иш ўринлари бўйича маълумотларни бўш иш ўринлари Миллий базасига киритишлари билан боғлиқ. Қабул қилинган ҳисобот автоматлаштирилган режимда қабул қилиб олиниб, қайта ишланганидан сўнг, бўш иш ўрни ҳақидаги маълумот ish.mehnat.uz сайтида тақдим этилади.

Мавзуга оид