Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан тақдим этилган.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари! 

Қадрли юртдошлар! 

Шу кунларда бутун халқимиз мамлакатимиз ҳаётидаги буюк тарихий санани байрам қилмоқда. Яъни, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. 

Ана шу қутлуғ айём билан ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман. 

Бугун, мана шу шонли байрам кунида буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасига барчамиз яна бир бор ҳурмат бажо келтирамиз. Ўтган 25 йил давомида Қуролли Кучларимизни барпо этиш йўлида қўлга киритган беқиёс ютуқларимиз азиз Юртбошимизнинг номи билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур миннатдорчилик билан эсга оламиз. 

Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларда айнан Ислом Абдуғаниевич намоён этган принципиал позиция, сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 25 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда. 

Биринчи Президентимиз ўша оғир йилларда “Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган халқимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир армияни ярата олади”, деб катта ишонч билан айтган эдилар. 

Бугунги кунда ана шу улкан ишончга ҳар томонлама лойиқ бўлган Қуролли Кучларимиз ташкил этилганини барчамиз кўриб турибмиз. 

Ҳақиқатан ҳам, тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия барпо этилди, деб ғурур ва ифтихор билан айтишга бугун барча асосларимиз бор. 

Собиқ Иттифоқ ҳудудида турли қуролли тўқнашув ва қарама-қаршиликлар юз бераётган ғоят мураккаб шароитда Ўзбекистон Қуролли Кучларига асос солингани, ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, ёш давлатимизни қуриш жараёнида ҳал этилган буюк вазифалардан бири бўлди. Айнан миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келмоқда.