Жаҳон | 15:46 / 19.01.2017
76371
2 дақиқада ўқилади

Абдулқодир Машарипов режаси аввалига қандай бўлганини маълум қилди

Фото: Can Merey / Globallookpress.com

Истанбулдаги Reina тунги клубида кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган террорчи Абдулқодир Машарипов режаси аввалига қандай бўлганини айтиб ўтди. Бу ҳақда The Hurriyet Daily News хабар берди.

Машарипов сўзларига кўра, у “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги лагерида тайёргарликдан ўтган, кейинчалик ИШИД сафида Суриядаги жангларда қатнашган. Амирлардан бири унга Туркияга жўнаб, у ерда теракт амалга ошириш ҳақида буйруқ берган. Машарипов мамлакатга Эрон орқали етиб бориб, Конья вилоятида бир неча ой давомида яшаган. У Янги йилдан бир неча кун муқаддам Раққадан янги буйруқ олди: Тақсим майдонида теракт уюштириш. Бироқ террорчи режасини ўзгартиришига тўғри келган.

«Мен Янги йил арафасида Тақсимга бориб, майдон жуда ҳам кучли қўриқланишига гувоҳ бўлдим, — деди у сўроқ чоғида. — Ҳужумни амалга ошириш осон бўлмади. Шундан сўнг мен амир билан алоқага чиқиб, янги вазифани қабул қилиб олдим – бу тумандаги бошқа нишонни топиш. Мен такси ушлаб, қидириш ишларини бошладим. Тунги клуб анча яхши жой бўлиб туюлди, қўриқлаш хизмати унчалик кучли эмас. Биз бу вариантда тўхташни маъқул топдик».

Маълумот учун, Машарипов биринчи январга ўтар кечаси Истанбулдаги Reina кўнгилочар клубида теракт содир этди. У автомат билан қуролланиб, дастлаб қўриқчини отган, сўнгра, 700 киши бўлган клубга кирган. Тергов маълумотларига кўра, у бир неча юз марта ўқ узиш чоғида 6та ўқдонни бўшатган. Бунинг оқибатида 39 киши ҳаётдан кўз юмди. Жиноят учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олди. 

Мавзуга оид