08:33 / 20.01.2017
8066

Обама охирги иш кунида 330 нафар жиноятчининг жазосини енгиллаштирди

АҚШ президенти Барак Обама президентлик лавозимидаги охирги иш кунида, мамлакат қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётганлардан яна 330 нафарига енгиллик берди. Бу ҳақда, Оқ уй матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Умуман, президентнинг сўнгги қарорига кўра, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганларнинг муддатлари енгиллаштирилган. 

Бу сўнгги кунлардаги энг кенг қамровли қарор бўлган. Обама 18 январь куни 209 кишининг жазо муддатини кечиктирган, 64 нафар жиноятчи афв этилган эди. Уларнинг орасида АҚШнинг собиқ ҳарбий хизматчиси ва Wikileaks ахборотчиси Брэдли Мэннинг ҳам бор.

Обама маъмурияти унча йирик партияда бўлмаган гиёҳванд моддалар учун жазо муддатларини камайтиришга ҳаракат қилди ва бунинг уддасидан чиқди. 1986 йилда қабул қилинган қонунга кўра, 50 грамм ва ундан ортиқ кокаинни сақлаган жиноятчиларга 10 йилдан то умрбод қамоқ жазосигача тайинланар эди. Эндиликда, 280 грамм ва ундан ортиқ кокаин ёки унинг хом ашёсини сақлаганларга узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинланиши мумкин. 

АҚШ президентининг фикрича, зўравонликларга дахлдор бўлмаган жиноятчиларга узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинлашдан маъни йўқ, қолаверса, унинг айтишича, муддатларни юмшатиш солиқ тўловчилар зиммасидаги юкни камайтиради. 

Top