Болалар - бизнинг келажагимиз. Келажак эса ота-она ва устозлар қўлида шаклланиб, камол топади. Ҳар бир кишининг устоз деб билувчи яқин инсони бўлади. Бироқ айрим ҳолларда таълим тизимида қатор муаммоларга дуч келинаётганига, болаларнинг билим олиш кўрсаткичи пасайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу вазиятда ким айбдор - устозларми, ота-оналарми ёки ўқувчиларнинг ўзими? 

"Acлида, ёмон ўқитувчилар бўлмайди, ўз устида ишламайдиган ўқитувчилар бўлади. Ёмон ўқувчилар ҳам бўлмайди, балки тушунмайдиган ўқувчилар бўлади". Иш фаолиятида айнан шу олтин қоидани шиор қилиб олган бугунги қаҳрамонимиз - педагогика соҳасида 25 йил тажрибага эга  Нилуфар Ҳайдаровадир. Қаҳрамонимиз 2008 йил Ўзбекистон бўйича "Йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчиси" танловида иккинчи ўрин соҳибаси, Lily Education ўқув марказининг таъсисчиси, раҳбари саналади. Нилуфар Ҳайдарова ўзининг тажрибаси орқали касбида муаммо, қийинчиликларга дуч келаётган ўқитувчи-педагогларга махсус семинар-тренинглар ўтишни мақсад қилган. Яъни, ўқитувчилик соҳасидаги ўз "рецепт"ларини касбдошлари билан бўлишиш ниятидадир. 

Нилуфар Ҳайдарованинг ички олами, ҳаётий тажрибаларига назар ташлаймиз.

Ўкитувчилик касбига бўлган муҳаббатнинг пайдо бўлиши қандай кечган?


“Бу саволни ўзимга жуда кўп бора берганман. Мана, масалан, яқинда бир ўқувчимнинг онаси келиб, фарзандининг ўзгариб қолгани, яъни ўқишга бўлган қизиқиши сўниб бораётгани, бу эса уларни ташвишга солаётганини айтиб қолди. Ўқувчимнинг синфида устози соғлом, носоғлом инсонлар мавзусини тушунтираётиб, менинг кўзойнак тақадиган ўқувчимни носоғлом, унинг ёнидаги болани эса соғлом бола мисолида кўрсатган. Бу эса унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилган. Мен бу воқеани эшитиб, қанчадан қанча устозлар болаларнинг руҳини синдириб қўйишларини ўйлаб хафа бўлдим.

Уни ёнимга чақириб, “Нима деб ўйлайсан, иккимизда ўхшаш бўлган қандай нарса бор?” дедим. У жилмайиб, инглизчада "eyeglasses" яъни кўзойнак деди. Шунда мен унга: “Мен ҳам кўзойнак тақаман. Лекин ҳеч кимдан кам бўлмадим-ку. Ўз тажрибам, севимли касбимга эгаман. Ҳали мени айтди дейсан, сен жуда машҳур инсон бўласан. Сени барча шу кўзойнакларинг билан танийди”, - дея жавоб бердим. Шундай вазиятларда ёш авлодга таълим беришда кераклигимни ва касбимга бўлган кучли муҳаббатни ҳис қиламан”.