Душанба, 23 январь куни АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп сайловолди кампаниясида берган асосий ваъдаларини бажаришга киришди. Дастлаб у Қўшма Штатларнинг Транстинчокеани ҳамкорлигидан чиқиши хусусидаги фармонни имзолади. 

Собиқ президент Барак Обама 12 давлат билан тузилган ушбу савдо битими Хитойнинг Осиёдаги таъсирини мувозанатга келтиради, деб ҳисоблар эди. Битимга қаршилар эса, бу АҚШ учун иш ўринларини йўқотиш эканини таъкидлашарди. 

Бироқ, Обаманинг қарашидан қатъий назар, ТТҲ дея маълум бўлган келишув ижроси бир жойда туриб қолди, уни АҚШ Конгресси ратификация қилмади. Шунга кўра, Трампнинг ушбу имзо чекиши шунчаки рамзий маънога эга. Аммо, танганинг бошқа томони ҳам йўқ эмас. АҚШнинг бу келишувдан чиқиши узоқ истиқболда айнан унинг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. The Washington Post нашри Трампнинг ТТҲдан чиқиш бўйича берган фармонининг 4та асосий оқибати хусусида сўз юритади. 

Биринчидан, АҚШнинг Осиёда етакчилик учун курашмаслиги Хитой учун жуда катта имкониятдир. Аслида, ТТҲ АҚШнинг Осиёдаги ўрнини мустаҳкамлаши ва тобора кучайиб бораётган Хитой билан мувозанатни бир маромга келтириши лозим эди. The Washington Post нашри ўтган йилнинг октябрь ойида ёзган мақоласида, Конгресс ТТҲ битимини ратификация қилмаслик билан бўшлиқни юзага келтиргани, уни Хитой тўлдириши мумкинлиги ҳақида бонг урган эди. Масалан, мулозимлар, ривожланаётган мамлакатларга кенгрок имкониятлар бериш мақсадида Халқаро Валюта Жамғармасини ислоҳ қилиш борасида келиша олмагани ҳам Хитойга қўл келган эди. Ўшанда, Хитой маъмурияти Осиё инфратузилмалар инвестиция банкини (2016 йил) ташкил этди. Бу эса, АҚШнинг яқин иттифоқчилари саналган Австралия ва Буюк Британия каби мамлакатларга ҳам Пекинга қўшилишдан бошқа чора қолдирмади. 

Август ойида Foreign Policy (Ташқи сиёсат) журнали республикачилар партиясининг 8 нафар собиқ мулозимининг огоҳлантиришларини чоп этган эди. Уларга кўра, ТТҲ савдо келишувини ратификация қилмаслик, «Хитойнинг минтақавий савдо қоидаларини уқдиришига, бу эса, ўз навбатида, АҚШнинг ҳудуддаги обрўси ва иқтисодиётига путур етишига олиб келади».

Иккинчидан, ТТҲ муқобили Америка саноатини ноқулай аҳволга тушириши мумкин. Чунки, ТТҲ иштирокчиси бўлмаган Хитой АҚШ савдо келишувига муқобил бўлган савдо келишуви – Ҳартомонлама минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (ҲМИҲ)ни барпо этиш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Бу битим, Америка бизнеси учун дўстона фаолият юритади, деб ўйлаш гумроҳлик бўлади. Нашрга кўра, ҲМИҲ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишчилар ҳуқуқлари, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасида ТТҲга нисбатан бирмунча паст стандартларга рухсат беришни кўзда тутади. Бундан ташқари, келишув, унда АҚШнинг иштирок этишини кўзда тутмайди. Бу ҳам АҚШнинг Осиёдаги корхоналарини фойдасиз ҳолатга туширади.