Ўзбекистон | 18:35 / 30.01.2017
9156
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбариятлари ўзаро табрик мактублари алмашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ўзаро табрик мактублари алмашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев Хван Гё Анга йўллаган табрик мактубида, жумладан, шундай дейилади:

«Улкан иқтисодий, интеллектуал ва индустриал-техник салоҳиятга эга ва дунё иқтисодиёти ҳамда сиёсатида тобора салмоқли роль ўйнаётган Корея республикаси Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери ўтган вақт давомида биз учун энг ишончли ва узоқ муддатли шерикка айланди. 

Охирги йилларда мамлакатларимиз ҳамкорликнинг фундаментал асосларини мустаҳкамлаш, очиқ ва ишончли сиёсий мулоқотни таъминлаш, халқаро ташкилотлар доирасида узвий боғлиқлик ва қўллаб-қувватлаш борасида сезиларли тараққиётга эришишга муваффақ бўлганини мамнуният билан таъкидлашни истардим. 

Яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотимиз чоғида Корея республикаси ҳукумати ва ишбилармон доираларининг турли йўналишлардаги ўзбек—корейс муносабатларини янада ривожлантириш, ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун янги йўл ва имкониятлар қидиришга тайёрлигига ишонч ҳосил қилишдан жуда мамнун бўлдим».

Ўз навбатида, Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида қуйидагиларни таъкидлади:

«Бу йил давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлади. 2006 йилда Корея республикаси ва Ўзбекистон Стратегик шериклик ҳақида қўшма декларацияни имзолади ва шундан бери икки мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамда истиқболли ҳамкорлиги тобора кенгайиб бормоқда.

Ўтган йили ҳамкорлигимизнинг ёрқин намунаси бўлган Устюрт газ-кимё комплекси қурилиши муваффақиятли якунланди. Ҳозирда нефть-кимё тармоғида биргаликда амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар, шунингдек, янги лойиҳалар ҳам келгусида мамлакатларимиз ўртасидаги самарали муносабатларнинг навбатдаги намунаси бўлади, деб умид билдираман.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги, шунингдек, корейслар Марказий Осиёда яшай бошлаганлигининг 80 йиллиги Корея республикаси ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик ҳамда тиғиз алоқаларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим омил ҳисобланади. Қурилиши икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган Корейс маданияти ва санъати уйи халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштиришига ишончим комил».

Мавзуга оид