Россиянинг Derways заводида GM-Ўзбекистон компанияси маҳсулотларини йиғиш, унга йўқотиш (утилизация) дастури кўринишидаги тўсиқларни четлаб ўтиш имконини берар эди. Life агентлигининг ёзишича, "GM-Ўзбекистон" компанияси Черкасскдаги Derways заводи билан ушбу корхона қувватларида ўз маҳсулотларини отвёрткали йиғишни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Айтиш жоизки, "GM-Ўзбекистон"нинг барча янги моделлари ташқи кўринишини ўзгартирган (GM компаниясига тегишли) Chevrolet моделларидир. Бу моделлар 2015 йил бошидан Россияда сотилиши кескин камайган эди. Ўшанда америкаликларнинг қарори сиёсий мазмунга эга деб баҳоланган — АҚШнинг Россияга нисбатан санкцияларининг давоми эканлиги тахмин қилинганди. Ўзбек бренди остида Россия автомобиль бозорига қайтиш Америка компаниясининг бетараф мақомини сақлаб қолиш ҳамда Россия бозорида оммабоп бўлган моделлари билан ўз ўрнини мустаҳкамлаб олишга имкон берган бўлар эди.
“2016 йил октябрь ойидан буён "GM-Ўзбекистон" Ravon автомобилларини Россияда йиғиш бўйича ҳамкор қидирмоқда. Ҳозирча, асосий номзод сифатида Derways кўрилмоқда. Аммо, Черкесск заводи қувватларида ушбу автомобилларни йиғиш борасида якуний қарор қабул қилингани йўқ. Музокаралар олиб борилмоқда. Ўзбекистон томони йўқотиш дастурини ортга суришни сўрашди. Агар йиғув майдони пайдо бўлса, бу масала ўз-ўзидан йўқолади”, — деган агентликнинг автобизнесдаги манбаси.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, "GM-Ўзбекистон"нинг Россияда ўз маҳсулотларини шартнома асосида йиғиш масаласи Россия ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликка бағишланган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида муҳокама қилинади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқилган автомобиллар узоқ вақт мобайнида Россияда UZ-Daewoo бренди остида сотилди. Бунда, асосан, Daewoo Matiz, Nexia ва Gentra каби хэтчбек ва седанлар рус мижозларига етказиб берилди. Ушбу моделлар арзонлиги сабабли Россияда яхшигина талабга эга эди. Масалан, 2013 йилда Россияда 60,8 минг дона Ўзбекистонда ишлаб чиқилган автомобиллар сотилган. Аммо, рубль курси қадрсизланиши сабабли UZ-Daewoo автомобилларига талаб кескин тушиб кетди. 2015 йилда жами 20,5 мингта автомобиль сотишнинг уддасидан чиқилган, холос. Ўша йили компания кутилмаганда ребрендинг ўтказди ва номини Ravon’га айлантирди. Шу билан бирга, эски моделлардан воз кечишди. GM: Ravon R2, R3, R4 — яъни Chevrolet Spark, Aveo ва Cobalt седанларини Россияга бозорида тақдим этди.

Айтиш жоизки, Ravon бренди фақат ташқи бозорда сотилади, Ўзбекистонда бу автомобиллар Chevrolet номи билан машҳур. Айни чоғда, Derways заводи сўровга жавоб бермаган. Ravon компанияси эса, ўз навбатида, Derways билан музокаралар олиб борилаётганини инкор этди.










