Журналист ва блогер Беҳзод Қобулов «Ўрта Чирчиқ деҳқон бозори»даги муаммоларни ўрганиб, тайёрланган танқидий мақолани матбуотда ва ўз блогида эълон қилди. 

Қуйида «Тошкент ҳақиқати» газетасида босилган мақола қисқартиш ва муаллиф киритган айрим тўлдиришлар билан нашр этилган.

«Ким беради-ё терминал»ни-ё...

Бозор... У нафақат шарқона савдо маркази, балки ўша халқнинг маънавий дунёси, маданий ҳаёт тарзи, инсоний сифатларининг ҳаққоний кўзгуси ҳамдир. Бу манзилда одамларнинг фикрлаши, ўзаро муносабати борича, яққол сезилади. Умуман, бозорнинг "об-ҳаво"си наинки моддий бойлиг-у озиқ-овқат маҳсулотларининг, қолаверса, айни бир пайтда халқ қалбининг ҳам ўзига хос барометридир. 

Яратганга мингдан-минг шукрлар бўлсинки, бугунги кунда бозорларимиз тўкин-сочин, файзли. Бозор ораласангиз ҳар қадамда ўнлаб савдогарлар пешвоз чиқиб, анвойи маҳсулотларини таклиф қиладилар. Булар орасида энг сархили, пишиқ-пухтаси, албатта, ўзимизнинг маҳсулотлар – буларни кўриб баҳридилингиз қанчалар равшан тортади! Аммо, баъзида бозорларда шундай манзарага дуч келасизки, улар кўркам, обод ҳаёт жамолига тушган ҳуснбузар каби кўзга хунук кўринади. Тинч ва обод замонда, кўз ўнгимизда, наҳотки, мана шундай иллатлар палак ёзаверса, деган изтироб туғилади юракда. Хуллас, қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақола бир муддат олдин ёзилган, орада аҳвол ўнгланишига умид билдирган ҳолда, бозор маъмуриятининг камчиликларни бартараф этишга доир қуюқ ваъдаси туфайли вазиятни матбуотга олиб чиқишга андиша қилган эдик. Лекин яқинда айни манзилни қайта ўрганганимизда, аён бўлдики, барчаси «Эски ҳаммом - эски тос...». Қолган гапларни эса мақолани ўқигач билиб оласиз...

Жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, аҳолига қулайлик яратиш бугунги кунда ҳар қачонгидан долзарб вазифага айланган. Бироқ, баъзида оддий ҳолатлар, биргина ходимнинг ишга масъулиятсизлиги фуқароларга нақадар қийинчилик туғдираётгани ҳайратингизни оширади.

Ўрта Чирчиқ туманидаги деҳқон ва буюм бозорида банк пластик карточкаларига савдо қилинмаётгани, бозор ҳудудида, унга ёндош жойларда тартибсизликлар юзага келгани ҳақида ўтган йил поёнида хатлар олгандик. Бозорни ўз кўзимиз билан кўргач, бу ердаги аҳволдан очиғи ҳайрон қолдик. Бозорнинг асосий кириш дарвозаси маҳкам ёпилган, фақат кичкина эшик очиқ. Дарвозага эса ўзбек тилини исталган шаклда таҳқирловчи матнлар – шахсий тижорий эълонлар ёпиштирилган. Дарвозадан ичкарига ҳатлашингиз ҳамоно кириш йўлагини "ишғол қилган" ёймачи-савдогарларга кўзингиз тушади.