Яқинда ўзбек цирк санъатининг машҳур вакили, Ўзбекистон ва Россия халқ артисти, Меҳнат қаҳрамони, Тошкенбоевлар – ўзбек дорбозлар сулоласи, ўзбек циркининг шаклланиши ва миллий дорбозлик санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшган цирк санъаткори Тошканбой Эгамбердиев таваллудига 150 йил тўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги сайти ёзмоқда.

Тошканбой Эгамбердиев 1866 йилнинг март ойида Фарғона водийсининг Асака қишлоғида таваллуд топди.  Унинг отаси – Эгамберди XIX асрнинг 50-йилларида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларига ҳаж сафарига бориб, айнан ўша ерда дорбозлик санъатини ўрганди. Юртига қайтгач, дор тикиб, бу санъатни оммалашишига, ривожлантиришга тамал тошини қўйди, халқ орасида Ҳожи-дорбоз номи билан танилди.  

Турган гапки, у ёнига 7 ёшли ўғлини ҳам жалб қилди. Шу кўйи, Тошканбой фаолиятини 7 ёшидан бошлаб, отаси Эгамберди ҳожи билан халқ байрам ва сайилларида, шаҳар майдонларида дорбозлик ўйинларини намойиш этган. 80-йилларга келиб эса мустақил ишлаган, дорбозлик ва симбозлик санъатини мукаммал эгаллаган. 5-6 метр баландликдаги симдор устида 20дан ортиқ машқлар ижро этган, жумладан, баландга ёки узунасига сакраш, оёғига пичоқ, лаган, мис қозон, ёғочоёқ боғлаб ёки баланд пошнали пойабзал кийиб сим устида юриш, бошда қайнаётган самовар олиб ўтиш каби ўз даврининг мураккаб машқларини бажарган. Шунингдек, 25-30 метр баландликда тортилган қия дор устида томошабинларни ҳаяжонга солувчи машқларни ижро этган, чиғириқда гимнастика усулларини бажарган. 

1908 йили Тошкентда уюштирилган Туркистон саноат ва ҳунармандчилик кўргазмасида қатнашган Тошканбой Туркистон ўлкасининг энг моҳир дорбози сифатида тан олиниб, фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо тўн ҳамда олтин медаль билан мукофотланган. Орадан бир йил ўтиб эса Бухоро амири саройида томоша кўрсатиб, амирнинг олтин медали билан тақдирланган.

Тошканбой 1920-1930 йилларда Ўрта Осиё давлат ва хусусий циркларида ишлаган. 1935 йилди Санкт-Петербург циркида унинг раҳбарлиги ва иштирокида «Дорбозлар» миллий дастури яратилиб, дор ўйинлари илк бор очиқ майдондан цирк гумбази остига кўчирилади. Бу муҳим воқеа ўзбек дорбозлик санъатида янги даврни бошлаб берди. Якка ижрочи бажарадиган машқлар билан бир қаторда, икки, уч ва ҳаттоки тўрт киши ижро этадиган машқлар илк бор намойиш этилди.