Ўзбекистон | 15:48 / 16.02.2017
37294
2 дақиқада ўқилади

Газ ҳисоблагичлардан фойдаланмайдиган мижозлар учун тўлов миқдори оширилиши мумкин

Ўзбекистонда истеъмолчиларга етказиб берилаётган табиий газ учун тўловларни йиғиш вазифасини хусусий операторларга топшириш режалаштирилмоқда. Улар бу борада самаралироқ ишлаши кутилмоқда. Бу ҳақда Podrobno.uz агентлиги республика Иқтисодиёт вазирлигидаги манбасига асосланган ҳолда хабар қилмоқда

«Ҳозирда, мутахассислар табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича меъёрий ҳужжатларни бир хиллаштириш ва ўзаро ҳисоб-китобларни қандай қилиб самарали ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.  Бу борада кўп нарсаларни тартибга келтиришимиз керак. Асосий бош оғриғимиз – бу улкан қарздорликдир, албатта, шу соҳада нимадир қилиш керак», – деб қайд этган агентлик суҳбатдоши. 

Хусусан, соҳадаги кўплаб муаммолар ва нуқсонларни «Газ таъминоти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳал қилиши кутилмоқда. У шу йил парламентарийлар муҳокамасига киритилади. 

Иқтисодиёт вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, «Ўзтрансгаз» компаниясининг тузилмаси яхши томонга ўзгартирилади, кун тартибида, шунингдек, ҳисоблагичлардан фойдаланмайдиган истеъмолчилар учун табиий газ нархини ошириш масаласи ҳам турибди. Шундай чоралар бугунги кунда иссиқ сув истеъмолчиларига ҳам қўлланилади. 

Бироқ, энг мураккаб масала, аҳолининг коммунал хизматлар бўйича улкан қарздорлигини қандай пасайтириш муаммосидир. 

2017 йил январь ойида бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев кўплаб давлат ташкилотларини дебитор қарздорлик учун танқид қилган эди. Биргина, «Ўзтрансгаз» тузилмасида муддати ўтган қарздорлик ўтган бир йил мобайнида 14 фоизга ўсган. 

Мавзуга оид