Спорт | 14:41 / 16.02.2017
29496
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ишончни оқламаган терма жамоа аъзолари Қозоғистон сафари олдидан Рио совриндорларига алмаштирилди

Ўзбекистон терма жамоаси (Uzbek Tigers) Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг 2-турини 18 февраль куни Қозоғистонда Astana Arlans клубига қарши ўтказади. Беллашувлар Қозоғистоннинг Толдиқўрғон шаҳрида бўлиб ўтади.

Шу ой бошида турнирнинг 1-турини Хитойда China Dragons жамоасига қарши ўтказган Uzbek Tigers 2:3 ҳисобида ютқазганди. Мироншоҳ Ибрагимов (-49 кг), Абдулҳай Шораҳматов (-56 кг) ўз жангларида ғалаба қозонган, Элнур Абдураимов (-64) жароҳат туфайли рингга чиқмаган, унга техник мағлубият ёзилган, Улуғбек Ҳақбердиев (-75 кг) ва Бобурбек Йўлдошев (-91 кг) ўз жангларида мағлуб бўлган.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати Қозоғистонга йўл олаётган спортчилар номини маълум қилган. Таркиб Хитойдагидан бутунлай ўзгартирилган ҳамда Рио—2016 Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган боксчилардан 4 нафари танлаб олинган.

Олимпиадада кумуш медаллар совриндорлари бўлган Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев мос равишда -69 ва -81 килограмм вазн тоифаларида рингга чиқади. Бронза соҳиби Мурод Аҳмадалиев -60 килограммда ўз омадини синаб кўрса, Рио—2016 да Ўзбекистон байроғини кўтариб чиққан Баҳодир Жалолов +91 килограмм вазн жанг қилади. Шунингдек, -52 вазнда Аброр Қодиров иштирок этади.

Маълумот учун, 17 февраль куни боксчиларни тарозига тортиш маросими бўлиб ўтади. 18 февраль куни беллашувлар бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Astana Arlans турнирнинг 1-турида Россиянинг Boxing Team жамоасини енгганди.

Ўзбекистон вакилларининг рақиблари маълум бўлган:

52 кг Олжас Саттибаев - Аброржон Қодиров
60 кг Закир Сафиуллин - Муроджон Аҳмадалиев
69 кг Асланбек Шимбергенов - Шаҳрам Ғиёсов
81 кг Нурдаулет Жарманов - Бектемир Мелиқўзиев
+91 кг Камшибек Кункабаев - Баҳодир Жалолов.

Мавзуга оид