Февраль ойига келиб, ўтган йилнинг худди шу вақтида кузатилгани каби, «Uzbek Tigers» жамоасининг келгусидаги тақдири борасида турли гап-сўзлар тарқала бошлади. ОАВда Ўзбекистон бокс федерацияси жамоани молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Kun.uz мухбири айни масалага аниқлик киритиш учун Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.
– Охирги уч мавсумда Бутунжаҳон бокс сериясида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган «Uzbek Tigers» жамоаси ўтган ҳафтада тарқатиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумот қанчалик тўғри?
– Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасининг ўзбек бокси тараққиётида тутган ўрни жуда муҳимдир. Маълумки, ушбу турнир орқали янги номлар кашф этилади, кучли боксчилар сараланади. Шунингдек, мазкур мусобақа боксчиларимиз учун Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш вазифасини бажариши билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки турнирда Куба, Россия, Қозоғистон каби бокс оламидаги етакчи мамлакатларнинг чарм қўлқоп усталари ҳам иштирок этадилар ва боксчиларимиз уларга қарши жанглар орқали ўз маҳоратларини тоблаб борадилар.
Бевосита саволингизга келсак, «Uzbek Tigers» мусобақанинг янги мавсумида ҳам баҳсларда қатнашади. Ўзбек бокси мухлисларига байрам кайфиятини улашиш мақсадида юртимиз мезбонлик қиладиган жанглар республикамизнинг энг йирик ва муҳташам ареналарида ташкил этилади. Жумладан, келаси ойда фойдаланишга топшириладиган «Ҳумо» кўп тармоқли аренаси, шунингдек, «Миллий» стадионида ҳам минглаб мухлислар боксчиларимизнинг маҳоратларига бевосита гувоҳ бўлишлари мумкин.
Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитаси «Ўзбек йўлбарслари»нинг самарали фаолият олиб бориши учун мамлакат бокс федерациясига керакли ёрдамни кўрсатишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Жамоага барча шарт-шароитлар яратиб берилади.
– WSB`нинг янги мавсумида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Турнир февраль ойида старт оларди, лекин 9-мавсум ҳалигача бошланмагани сабаб гўё AIBA бу турнирни тўхтатиши ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.
– AIBA бу йилдан бошлаб WSB турнири форматига ўзгартириш киритишни мақсад қилган. Хабарингиз бор, Токио-2020 Олимпия ўйинларида эркаклар ўртасидаги баҳсларда вазн тоифалари сони 10тадан 8тага туширилди ва шунинг ҳисобига аёллар вазн тоифаси 5тага оширилди. Шундан келиб чиққан ҳолда Бутунжаҳон бокс сериясида ҳам вазн тоифалари 8тага туширилиб, иккита лигага ажратилмоқда. Яъни енгил (52, 57, 63, 69 кг) ҳамда оғир (75, 81, 91, 91+ кг) вазнлар. Мусобақада иштирок этувчи мамлакат ҳар иккила лигага ҳам ўз жамоасини қўйиши мумкин.







