Ўзбекистонда кенг қамровли автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш, юксак халқаро талабларга жавоб берадиган транспорт коммуникациялари тизимининг халқаро транспорт йўлакларига кенг интеграциялашувини таъминлаш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва сақлашга йўналтириладиган давлат молиявий ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу билан бирга, йўл корхоналари тузилмасини такомиллаштириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда: 

– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳузурида Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекциясини ташкил этиш; 

– “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ҳудудий бош бошқармалари этиб қайта ташкил этиш; 

– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари ҳузурида минтақавий йўлларга буюртмачи хизматини белгиланган тартибда ташкил этиш; 

– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари ҳузурида минтақавий автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш назарда тутилади. 

Шунингдек, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ҳамда ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибига берилмоқда. 

Айни вақтда қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг ҳолати билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммолар ҳал этилмасдан қолмоқда, ушбу автомобиль йўлларининг аксарият қисми белгиланган сифат ва хавфсиз ҳаракатланиш талабларига жавоб бермайди. 

Янги турар жой мавзеларининг барпо этилиши, шаҳарларнинг кенгайтирилиши, транспорт воситалари сонининг жиддий кўпайиши минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини тубдан яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўришни талаб қилади. 

Туман ва шаҳарларнинг йўл ташкилотлари йўл-таъмирлаш техникаси, моддий-хомашё ресурслари билан етарли даражада таъминланмаган, ҳар йили ажратилаётган маблағлар хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини зарур даражада сақлаш ва таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаш учун етарли эмас.