Ўзбекистон президентнинг “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилиб, унинг негизида Маданият вазирлиги ва Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил қилинди.

ЎзА ушбу фармонга шарҳ келтирди.

Ўзбекистон халқига меҳнатсевар ва маърифатпарвар аждодларимиздан бадиий ижодкорлик, меъморчилик ва ҳунармандчиликнинг қадимий мактаблари ва анъаналарига эга ноёб ва ўзига хос маданий мерос қолган. Бизгача етиб келган ва нафақат миллий, балки жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми бўлган бебаҳо бадиий, тасвирий, амалий, меъморий санъат асарлари ва ёдгорликлари, халқ қўшиқлари, рақслари, спорт ўйинлари ва турлари бунинг ёрқин тасдиғидир. 

Мустақиллик йилларида эркин демократик ривожланиш йўлини танлаган мамлакатимиз олдида миллий маданият ва санъатимизни тиклаш, асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш, уни замонавий жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳисобидан бойитиш, ўсиб келаётган авлодни кўп асрлик анъана ва маънавий-ахлоқий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш бўйича масъулиятли ва мураккаб вазифалар турган эди. 

Маданият ва спорт соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсати халқимизнинг улкан интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, барқарор ривожланган, жисмонан бақувват ва маънан етук шахслар жамиятини барпо этиш, аҳолининг ўсиб бораётган маънавий ва эстетик эҳтиёжларини таъминлаш, маданият ва спорт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратди. 

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 39 театр, 175 музей, мингдан зиёд аҳоли дам олиш ва маданият марказлари, истироҳат боғлари, 301 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 296 болалар ва ўсмирлар ҳамда республика даражасидаги спорт мактаби, 51 мингга яқин спорт мажмуаси, стадионлар ва иншоотлар фаолият кўрсатмоқда, 2,7 миллиондан ортиқ бола спорт, мусиқа ва санъат билан мунтазам шуғулланмоқда. Маданият ва санъат, спорт ва жисмоний тарбия соҳасида 69 минг ходим меҳнат қилмоқда. 

Шу билан бирга, маданият ва спорт соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигининг танқидий таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мутасадди орган сифатида ўз олдига қўйилган кенг кўламли масалаларнинг тўлиқ ижроси таъминланмаган, айниқса, давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мазкур соҳада мувофиқлаштириш, маданий-маърифат ва спорт-соғломлаштириш муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган. 

Бундан ташқари, ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, битта вазирликда маданият ва спорт каби иккита кўпқиррали ва мураккаб соҳаларнинг бирлаштирилиши оммавий жисмоний тарбияни ривожлантириш, истиқболли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларда театр, мумтоз мусиқа ва бошқа санъат турларини кенг оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини юксалтириш имконини бермаяпти.