Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармон матни ЎзА томонидан келтирилган.

Маданият ва спорт соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳада Ўзбекистон халқининг бой ва ўзига хос маданияти, санъати ва ижодиётини янада ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини тубдан юксалтириш, аҳоли кенг қатламлари орасида маънавий-ахлоқий камолот ва соғлом турмуш тарзига интилишни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилди ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил қилинди.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб белгиланган:
маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантириш, уни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш; 

аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшлар қалби ва онгига мустақиллик, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, радикализм ва экстремизмдек ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, жамиятнинг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ўтказишга қаратилган маърифий ишларни амалга ошириш; 

бадиий ижод, шу жумладан, театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз тарихи ва бугунги ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга, айниқса, ижодкор ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш; 

маданият муассасалари, жумладан, театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, музейлар ҳамда бошқа маданий-маърифий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, маънавий етук, интеллектуал баркамол ва юксак маданиятли шахсларни тарбиялаш ишида ушбу муассасалар имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш; 

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият идоралари, жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан фаолиятнинг асосий вазифа ҳамда йўналишларини, маданий-маърифий тадбирларни амалга оширишда, маданият ва ижодий муассасалар ишининг самарадорлигини таъминлашда мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш;