“Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар”
А. Чўлпон

Маълумки, минг йиллардан бери адабиётимиз гуманизм — инсонпарварлик, инсонга муҳаббат, ишонч ғояларини куйлайди. Ҳозирги кунда адабиётимиз хилма-хил ва ранг-баранг. Ёзувчи хоҳласа реалистик, модернистик йўналишда, хоҳласа арузда асар ёзиши, фольклор анъаналарини адабиётга олиб кириши, хоҳласа буларнинг ҳаммасини синтезида китоб ёзиши мумкин. Лекин шунга қарамасдан бугунги адабиёт (асарлар)имизда инсонпарварлик туйғулари бир оз бўшашиб қолмаяптимикин?

Америкалик машҳур ёзувчи Фолкнердан сўрашган экан: «Сиз қайси йўналишда ёзасиз?» Шунда У: «Мен гуманизмда ёзаман», — деган экан. Аслида гуманизм деган методнинг ўзи йўқ. Лекин у ҳар бир методнинг, йўналишнинг ичида инсон ёнида турадиган ёзувчи бўлиши кераклиги ҳақида бонг урмоқда. Яъни инсоннинг инсонлиги, унинг қалби, манфаатлари табиат қандай яратган бўлса, шундайлигича қолиши тўғрисида, табиий туйғуларини ҳимоя қилиш маъносида айтиб ўтган.

Тўғри, бугун адабиётга йўл-йўриқ кўрсатиб, сен ундай, сен бундай ёз, деб бўлмайди. Бутун ер юзида бизнес қоидалари ҳукмронлик қила бошлаганидан бери, адабиётга бозор иқтисодиёти мисли кўрилмаган даражада шиддат билан кириб келгандан кейин, бизнинг миллий адабиётимизга ҳам «тижорий адабиёт», «кўча адабиёти» кириб кела бошлади. Бугунги кунда аксар «асарлар»да инсонни инсон айлайдиган, уни юксакка кўтарадиган эмас, балки инсоннинг ҳайвоний истакларини қондиришга қаратилган, ўч олувчи, аламзада, ғазабнок, қаҳру ғазабга тўлган, атрофдагилардан норози ва бошқа жамиятдаги турли воқеа-ҳодисаларни инкор қилувчи қаҳрамонлар пайдо бўлмоқда ҳамда улар «тижорий адабиёт», «кўча адабиёти» каби кўринишларда ўқувчиларга тақдим этилмоқда. Оммавий маданиятнинг бир шакли, кўриниши сифатида оммавий адабиётнинг кириб келиши, инсонпарварлик, инсонсеварлик ғояларини сусайтиради.

Айни пайтда, ёзувчи, шоир, маърифатчиларимиз олдида қайси асарни ўқиш, қайсинисидан сал чекиниш, қайси биридан қочиш керак, деган масала турибди. Бу фақат адабиётшуносликнинг муаммоси бўлиб қолиши керак эмас, балки шу жамиятда яшаётган ҳар бир инсоннинг муҳим инсоний вазифасига айланиши лозим. Шу қатори адабиёт ўқитувчилари ҳам ўқувчига асар танлашда керакли мулоҳазаларни етказиши мақсадга мувофиқ. Чунки ўқувчи ўқиган асаридан янги фикр олиши, ниманидир ўрганиши, ўрганганларини ўз ҳаёти мобайнида қўллаши зарур. Адабиёт, бадиий асарнинг вазифаларидан бири ҳам мана шу.

Бугунги кунда ёзилаётган айрим «асарлар» (агар «асар» деб бўлса)ни ҳам «тижорий адабиёт», «кўча адабиёти» кабиларнинг бир шакли дейишимиз мумкин. Бу «асарлар»нинг мақсади ўқувчига янги фикр бериш эмас, балки уларга енгил ҳаётни ўргатиш, холос. Агар бадиий асар реал ҳаётдан олиниб, инсон қалбини эгаллайдиган даражада қизиқарли, эзгу фазилатларга чорловчи ҳамда маъно-мазмунга бой бўлса, китобхон уни ўзи топиб, зарур бўлса, китоб дўконларидан сотиб олиб ўқийди. Шунинг учун ҳам ҳар бир ижод аҳли қалам тебратаётганда китоб дўконларини тўлдирадиган, безайдиган эмас, балки тили содда, руҳиятни кўтарадиган, эзгу ғоялар билан йўғрилган, умуман олганда, инсоннинг интим туйғуларини қўзғатувчи асарларни дунёга келтириш ҳақида мулоҳаза қилиши муҳим саналади. Зеро, Республикамизнинг Биринчи Президенти айтиб ўтганларидек, «Чинакам китобхонлик бор жойдагина юксак тараққиётга эришиш мумкин».