Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Устоз қори акаларимиздан бири ҳикоя қиладилар:

“Бир куни шаҳар кўчаларидан бирида уловим билан кетаётган эдим. Бир-иккита йигит қўл кўтарди. Тўхтаб, уларни уловимга миндириб олдим. Йўлда кетаётганимизда улар ўзаро ичкуёв можаролари тўғрисида гапириб қолишди. Ўз-ўзидан мен ҳам суҳбатга қўшилиб:

– Ҳой йигитча, уйланганмисиз, оилангиз борми? – десам:
– Ҳа, уйланганимга бир ҳафта бўлди – деди.
– Ичкуёвмисиз? – деб сўрадим. У эса бир сапчиб тушиб:
– Нима деяпсиз? Худога шукр, ичкуёв эмасман – деди.

Мен унга қарата:

– Эгнингиздаги костюм-шимни келин олиб берганми? Кўйлакни-чи? Ичкийимларингиз, ҳатто оёғингиздаги туфлини ҳам келин олиб берган бўлса керак-а? – десам:

– Ҳа, шунақа... – деб жавоб берди.

Яна унга:

– Ҳозир уйингизга борсангиз, у ердаги барча жиҳозлар, кўрпа-тўшак, ётоқ учун диван, гилам, парда, идиш-товоқлар барчаси келин тарафдан келтирилган бўлса керак? Энди нима дейсиз, сиз ичкуёв бўлмасдан ким ичкуёв бўлиши мумкин? Ўзингизча ичкуёв дегани фақатгина келиннинг ота-онаси яшайдиган ҳовли-жойга бориб, улар билан бирга яшашга айтилади деб ўйлайсизда, а? – деб роса тушунтирдим...”.

Мана азизлар, ушбу бир воқеанинг ўзида қанчадан-қанча ҳикмат ва ҳақиқатлар бор. Кўпчилигимиз ўйламаган, ҳаттоки тасаввур ҳам қилмаган, лекин аянчли, аламли, ҳаттоки кўпчиликка ёқмайдиган ва ёки тан олгиси келмайдиган буюк ҳақиқат, ўз ифодасини топган. Бундай ҳолат ўтмишимизда бўлмаган. Балки бир неча йиллар олдин пайдо бўлган бидъату хурофот, ориятсизлик, ғурурсизлик ва яна қандайдир иллатлар туфайли пайдо бўлган мусибатдир. Яқин ўтмишимизда ҳам “ичкуёвлик” ҳар қандай йигит учун ҳақорат, ор ва номус ҳисобланган. Мободо тақдир тақозаси ила маълум бир сабаб ва узрлар туфайли бирор йигит ичкуёв бўлиб оила қурса, тенгдошлари, улфат ва қавм-қариндошлари ичида бош кўтара олмас, унинг сўзини ҳеч ким тингламас эди. Ваҳолангки, шариат нуқтаи назаридан қаралганда узрли ҳолатларда (келиннинг ота-онаси кекса бўлиб, қаровсиз қолиш хавфи бўлганда ёки куёв ўта камбағал ва ночор бўлганидан, келинни бошпана билан таъминлаш имкониятига эга бўлмаганида ва яна бундан ташқари баъзи ҳолатлар) ичкуёв бўлиш ҳеч қандай айб эмас. Лекин шундоқ бўлса ҳам бармоқ билан санарли даражада ичкуёвлар бўлмаса, мутлақо бўлмас эди. Бўлганда ҳам ичкуёвлар суратан ичкуёв бўлса ҳам, ҳақиқатан ўзларининг эрлик масъулият ва бурчларини сидқидилдан адо этар эдилар.