Аёллар дунёси | 17:23 / 11.10.2025
3296
4 дақиқада ўқилади

Келишмаган икки аёл сабаб бузилган минглаб оилалар. Қайнона-келин зиддияти қаердан бошланади?

Ўзбекистонда ҳар йили қарийб 50 мингга яқин оилавий ажримлар қайд этилади. Оилавий ишлар бўйича судларга келган аризаларнинг камида учдан бири қайнона-келин муносабатларидан келиб чиқади. Бу рақамлар икки авлод ўртасидаги зиддиятлар фақат “маиший тортишув” эмас, балки жамият ичидаги ечим кутaётган катта ижтимоий масала эканини кўрсатади.

Фото: iStock

Икки дунё, икки муҳит

Келин учун янги уй — янги одамлар, янги қоидалар, янги муҳит. Қайнона учун эса бу уй — бутун умри давомида қурган “қалъаси”. Шунинг учун ҳар иккисида ҳам табиий ҳимоя ҳисси ишлайди: бир томон ўзини қабул қилдиришни, иккинчиси эса ҳукмронлигини сақлаб қолишни хоҳлайди. Психологлар буни “бу муносабат кўп ҳолларда “муҳаббат ёки нафрат” эмас, балки ҳокимият учун ичкаридан кечаётган кураш” деб аташади.

Чунки келин оилада ўз ўрнини топмоқчи бўлади, қайнона эса унинг бу ҳаракатини таҳдид деб қабул қилади. Ҳар иккиси ҳам яқинликни хоҳлайди, аммо ҳеч бири бир қадам олға чиқишга журъат қилмайди.

Таҳлил ва рақамлар

Sociology.uz маркази томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра:

·        ёш аёлларнинг 68 фоизи қайнона билан яшашни “стресс манбаи” деб баҳолайди,

·        45 ёшдан ошган аёлларнинг 70 фоизи эса “ҳозирги келинлар ҳурматни билмайди”, деб ҳисоблайди.

Мана шунинг ўзидаёқ икки тоифа: қайнона-келиннинг фикрлари ўзаро келишмаслигини кўриш мумкин. Бу икки қарашнинг кесишув нуқтаси — мулоқот етишмаслиги.

Психологлар фикрича, кўпинча эркак (ўғил) бу муносабатдаги “кўприк” вазифасини бажариши керак бўлади, аммо кўпчилик эрлар бу ролдан қочади. Натижада икки аёл бир-бирини эмас, яъни иккита аёлнинг келишувини эмас, рақибини кўради.

Қандай ечим бор?

70–80-йилларда келинлар қайнонанинг сўзини қонун деб билган бўлса, ҳозирги ёшлар эркин фикр, шахсий ҳудуд ва тенг муносабатни талаб қилади. Бу — ёмонлик эмас, балки жамиятдаги қийматлар янгиланиши. Лекин бу ўзгаришларга катталар ҳам, ёшлар ҳам тайёр эмас. Натижада келишмовчилик психологик тўқнашувга айланади.

Бу ҳолатдан чиқиш учун жамиятда эса “келин бўлиш — хизматчи бўлиш эмас” деган фикрни шакллантириш зарур. Қайнона-келин ўзаро эмпатияга муҳтож. Яъни уларда “мен доим ҳақман”, “менинг тажрибам бор” деган эмас, “биз бир оиламиз” деган тушунча шаклланиши керак.

Ҳар бир оилада қайнона ва келин ўзаро ролларини аниқ белгилаб олиши зарур, масалан, қайнона — тарбиячи эмас, маслаҳатчи сифатида қаралса, келин уни осон қабул қилади. Ёки қайноналар келинни рақиб эмас ҳаммаслак, ёрдамчи сифатида қарашса, муносабатлар енгиллашади. Бу ерда эркак уларни назорат қилувчи эмас, аксинча бирлаштирувчи вазифасини ўташи лозим. Қайнона ва келин — икки авлод, аммо бир оила. Улардан бири тушунишга, иккинчиси кечиришга ҳаракат қилса, ўртада муаммолар келиб чиқмайди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид