Жаҳон | 00:43 / 22.02.2017
12400
2 дақиқада ўқилади

Россиялик миллиардерга мегаяхтаси қайтарилди

Фото:EPA

Гибралтарда ушлаб турилган, россиялик миллиардер Андрей Мельниченконинг мегаяхтаси унга қайтариладиган бўлди. Бу ҳақда Forbes нашрига бизнесмен вакили маълум қилди.  

"Бу ёқимсиз ҳолат якунланди. Елканли яхта "А" эгасининг лойиҳавий жамоасига қайтарилди ва яқин орада Гибралтарни тарк этади", деди вакил.

Яқиндагина сувга туширилган 8 палубали Sailing Yacht A яхтаси Мельниченко учун Германиянинг Nobiskrug верфида қурилган. Айнан верфнинг даъвоси бўйича кема ушланган. Верфнинг таъкидлашича, у яхта эгаси Valla Yachts Limited’дан қилинган ишлар учун охирги 9,8 млн евролик тўловни олмаган. 

Миллиардер вакилининг бу ҳолатга изоҳ беришича, бундай катта кўламдаги лойиҳаларда "баъзида ҳал қилинмаган масалалар қолади. Компания 27 январгача талаб қилган 9 млн евролик сумма яхта эгаси ва верф ўртасида давом этаётган баҳснинг бир қисми бўлган".  

Nobiskrug талаб қилган умумий сумма 15,3 млн еврони ташкил қилади, бунда асосий қарздан ташқари бошқа моддалар бўйича 2,6 ва 2,9 млн евролик қўшимча қарз ҳам бор. Кема Гибралтарга ёнилғи қуйиш учун борган.

Яхта 8 палубадан иборат бўлиб, унинг мачталари баландлиги 100 метрдан кўпроқ. Кема дизель ва электр двигателлар ҳисобига, елканни ишлатмасдан соатига 20 узел (37 км) билан ҳаракатлана олади.

Мавзуга оид