Жаҳон | 16:19 / 24.02.2017
31463
5 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда дув-дув гап: "Меҳрибон Алиева - биринчи вице-президент"

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўз турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиевани мамлакатнинг биринчи вице-президенти этиб тайинлади. BBC мазкур қарор юзасидан экспертлар фикрини ўрганиб чиқди.

Озарбойжонда биринчи вице-президент лавозимининг ўзи жорий қилинганига кўп вақт бўлмади. Ўтган йилнинг сентябрь ойида мамлакатда референдум ўтказилиб, вице-президентлар лавозимлари жорий қилинганди. Бироқ биринчи вице-президент лавозими шу кунгача бўш эди.

Президент Хавфсизлик кенгаши мажлисида ўз аёлини вице-президент сифатида таништирди. У Меҳрибон Алиеванинг "кўп йиллардан бери мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ва халқаро фаолиятида муҳим ўрин тутиб келгани"ни таъкидлади. Алиев турмуш ўртоғини профессионал ва инсонпарвар дея таърифлади.

Меҳрибон Алиева бундан аввал "Янги Озарбойжон" партия раиси ўринбосари лавозимини эгаллаб, шу партиядан мамлакат парламентига танланганди.

Аёлнинг ўзи Хавфсизлик кенгаши мажлисида шу кунга қадар эришган ютуқларини Илҳом Алиевнинг қўллаб-қувватлаши билан изоҳлади. "Менга юкланган масъулиятнинг жиддийлигини тўлиқ англаб турибман. Ишонаманки, сизнинг ва менга ишонган барча инсонларнинг ишончини оқлай оламан", - деди у.

Қуйида экспертларнинг бу борадаги фикрлари билан бўлишамиз.

Аркадий Дубнов, МДҲ мамлакатлари бўйича эксперт

Менинг фикримча, Илҳом Алиев отаси томонидан яратилган давлат бошқарув усули - сулолалар таъсирини мувозанатга келтиришга йўналтирилган оилавий усулга риоя қилмоқда. Нуфузли сулолалар иккита - Алиевлар сулоласи ва Пашаевлар сулоласи (Меҳрибон Алиева шу сулола вакили).

Ушбу усул миллат отаси Ҳайдар Алиев томонидан жорий қилинган. У МДҲ мамлакатлари ичида ҳукуматни топширишнинг оилавий турини амалга оширган биринчи ва ягона етакчи бўлган.

Меҳрибон Алиеванинг нуфузли лавозимга тайинланиши ҳукуматни мустаҳкамлаш, сулолалар ўртасида мувозанат сақлаш ва Илҳом Алиев ҳукмронлигига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай уринишларнинг олдини олиш зарурати юзасидан ҳам амалга оширилган.

Озарбойжон қайсидир маънода қариндош-уруғчиликка, яъни оилавий бошқарувга асосланган. Бир неча йил ўтгач, Илҳом Алиевнинг ваколат муддати тугаганидан кейин у бошқарув ваколатини турмуш ўртоғига топшириш эҳтимоли бор.

Меҳрибон Алиева тизимли бошқарув тажрибасига эга, у шунчаки уй бекаси эмас. Бокуда таъкидланишича, Ҳайдар Алиев у билан жуда илиқ муносабатларда бўлган. Шу билан бирга халқ бу аёлни яхши кўради.

Зардўшт Ализода, озарбойжонлик сиёсатшунос

Ўйлашимча, Меҳрибон Алиеванинг бу лавозимга тайинланиши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Озарбойжонда барқарорлик ҳукмрон, ҳаммаси маълум, ҳаммаси тушунарли, ҳеч нарса ўзгармайди.

Ҳайдар Алиев ҳукмронликни ўз ўғлига қолдирган, ўғли эса уни ўз мулки деб ҳисоблайди. Аҳолининг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ: на танлов ва на бўлаётган ишларга - улар шунчаки кузатишмоқда. Кузатувчилар миллати.

Ҳеч нарса ўзгармаяпти, на қарор қабул қилиш механизми ва на ижро механизми. Шунинг учун мен бу янгиликни мутлақо хотиржам қабул қилдим, буни кўпчилик кутганди.

Озарбойжонда сиёсат йўқ. Сиёсат - бу гуруҳлар ва партияларнинг қонун доирасида мусобақалашиши. Озарбойжонда қонунлар ишламайди, партиялар деярли йўқ. Шундай экан, сиёсат ҳам йўқ. Ҳукуматда бирлашган кишилардан иборат гуруҳ бор - ҳамма нарсани шулар ҳал қилади.

Тофик Аббосов, Боку халқаро мультимаданий маркази

Меҳрибон Алиеванинг мамлакатдаги рейтинги юқори. Унинг миллий йиғилиш депутати сифатида ўз позициясида жуда фаол, самарали фаолият юритгани ҳамда янги қонунлар қабул қилишда иштирок этгани буни яна бир бор тасдиқлайди.

У гуманитар ва маданий соҳаларда бир неча муҳим лойиҳаларни қабул қилган. У бунга параллель равишда Ҳайдар Алиев фондини бошқармоқда. Мазкур фонднинг ресурс базаси ёрдамида мамлакатда кўплаб таълим марказлари, мактаблар, ёрдам кўрсатиш марказлари қурилган.

Мен ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича сўровнома ўтказганман. Кўриб турганимиздек, бу янгилик халқ томонидан жуда ижобий қабул қилинди.

Ўтган йили Озарбойжонда умумхалқ референдум бўлиб ўтганди, унда мамлакат конституциясига ўзгаришлар киритиш масаласи муҳокама қилинган эди. Шунда президент ўз ваколатларини оптимал асосда бўлишиш мақсадида вице-президентлик институтини яратиш қарорини қабул қилган.

Вазирлар маҳкамасининг рейтинги у қадар юқори эмас. Шу боис жамиятда ҳукумат тузилмасини ўзгартириш масаласи кўтарилган.

Мавзуга оид