Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Ангор туманидаги Занг гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хўшбоқов хонадонида бўлиб, отахон ва у кишининг умр йўлдоши Саломат момо билан суҳбатлашган эди. ЎзА Шоди бобо Хўшбоқов билан суҳбат уюштирди.
– Давлатимиз раҳбарининг уйимизга келгани, дилдан мулоқот қилгани, ҳол-аҳвол сўраганига ҳали ҳам ишонгим келмайди. Тавба дейман, шунча ишдан ортиб оддий фуқаролар хонадонига бориш, у билан гурунг қилиш, турмуши, шароити, ўй-фикрлари билан қизиқиш учун одам қанчалар бағрикенг бўлиши керак экан-а, деб ўйлайман-да, – дейди Шоди бобо. – Ўзингиз қаранг-да, умри бино бўлиб даладан бошқасини кўрмаган одам мамлакат Президенти билан ўз уйида гурунг қилиб ўтирса, бировга айтсанг ишонмайди. Лекин шундай бўлди. Давлатимиз раҳбари билан оиламизнинг кундалик турмуши, маҳалламиз ҳаёти, фарзанду набиралар тарбияси, ўқиши, иши, деҳқончилик сирлари, юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, хуллас, ҳамма нарса ҳақида гаплашдик. У кишининг сиз каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир, деган сўзлари менга ҳам, кампирга ҳам куч-қувват бағишлади, умримизга умр қўшилди. Момонгиз икковимиз кўп йилларга ёшариб кетдик.

Шоди бобо Хўшбоқов бу йил 84 ёшни қарши олди. Ҳали бардам, фикри теран, хотираси мустаҳкам. Болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган Шоди бобо тенгдошлари қатори не-не қийинчилигу машаққатларни бошидан ўтказди. Ўспиринлик даврида уруш асоратларини қалбан ҳис этди, очарчиликни кўрди. Ўрта мактабни тугатгач, институтга ҳужжат топширди. Лекин омади келмади. Қишлоқдошларининг ўқишга киролмабди, деган гап-сўзларини ор билиб, бир йўла ҳайдовчилик курсини тугатиб, уйига қайтди. Икки йил хўжаликда ҳайдовчилик қилди, кейин пахтачилик бригадасида ишлади. Ҳалол меҳнат қилиб, деҳқончилик сирларини ўрганди. Умр йўлдоши Саломат момо Раҳимова билан 8 ўғил, 2 қизни тарбиялаб, вояга етказди. Ўғиллари қўли гул уста, ҳунарманд бўлди. Ўттиздан ортиқ невара, йигирмага яқин чевара қуршовида пиру бадавлат ҳаёт кечираётган отахон ва онахон бугунги осойишта ва обод ҳаётга шукрона келтиради, эл-юртга тинчлик сўраб дуо қилади.

– Маҳаллада томорқадан унумли фойдаланиш маданиятини юксалтиришда Шоди бобо барчага ибрат, – дейди “Занг гиламбоб” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Исломов. – Томорқадан йилига икки-уч марта ҳосил олади. Шоди бобога ҳавас қилиб, томорқасида зироат етиштираётган хонадонлар кўпайиб бормоқда.















