Мудирнинг қилмиши фош этилди
Чорвачилик – сермаҳсул соҳа. Уни ривожлантириш орқали аҳолининг сут, гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, даромадини ошириш мумкин. Қолаверса, инсон организми учун зарур бўлган витамин ва компонентлар сут ва гўшт маҳсулотлари таркибида жуда юқори эканлиги тиббиётда ҳам ўз исботини топган. Шунинг учун ҳам мамлакатда барча соҳалар қатори мазкур соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, чорвачиликда сифат ва маҳсулдорликка эришишда озуқа-ем таъминоти муҳим ўрин тутади. Негаки, чорва меъёрда белгиланган озуқа билан таъминламаса, бу кутилган натижани бермайди. Шунинг учун ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида аҳоли чорвасини озуқа-ем маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида “озуқа-ем таъминоти” жамиятлари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Улар томонидан республиканинг барча ҳудудларидаги аҳоли чорваси учун ем маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Аммо ушбу тизимда ҳам айрим кимсалар борки, улар аҳоли чорва моллари учун ажратилган ем маҳсулотларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқдалар.
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, “Сирдарё озуқа-ем таъминоти” МЧЖнинг Гулистон туман филиалига қарашли аҳолига озуқа-ем сотиш шохобчалари мудири лавозимида ишлаган Алимардон Азизов шундай шахслардан экан. У ўтган йилнинг февралидан май ойигача бўлган вақтда МЧЖ томонидан аҳолига белгиланган тартиб асосида сотиш учун ажратилган 4850 кг. шрот, 12560 кг. шелухани ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилади. “Туя кўрдингми, йўқ” қабилида емларни ўзи билганча нархларда сотиб, фойдасини чўнтакка уриб кетаверган шохобча мудирининг қинғир фаолияти узоққа бормади. Қисқа вақт ичида А.Азизовнинг қилмишлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фош этилди.
Жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди томонидан бу шахсга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
Мавзуга оид
11:33 / 17.04.2024
Instagram орқали фуқароларни чув тушириб келган 18 ёшли йигит қўлга олинди
23:28 / 06.02.2024
Гулистон шаҳри ҳокими соғлиғи туфайли лавозимидан кетди
12:21 / 22.07.2023
Гулистон туманига янги ҳоким тайинланди
14:18 / 20.03.2023