Жамият | 11:36 / 27.02.2017
11093
3 дақиқада ўқилади

«Ой шулъаси» «Ла-Ла Ленд»га қарши: «Оскар» тақдимоти якунида жуда ноқулай вазият

АҚШнинг Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳрида Америка кино санъати академияси мукофотларини топшириш бўйича 89-маросим бўлиб ўтди.

Маросимнинг финал қисмида, йилнинг энг яхши фильмини аниқлаш вақтида ноқулай вазият юзага келди.

Аввалига 14та йўналиш бўйича «Оскар»га даъвогарлик қилган «Ла-Ла Ленд» фильми энг яхши фильм сифатида эълон қилинди. Ушбу фильмнинг ижодий гуруҳи саҳнага чиқиб келиб, миннатдорчилик сўзлари айта бошлаганида, ташкилотчилар вакиллари саҳнага чиқиб, хатолик рўй бергани, йилнинг энг яхши фильми «Ла-Ла Ленд» эмас, аслида «Ой шулъаси» экани айтилди.

«Бу ҳазил эмас. Йилнинг энг яхши картинаси «Ой шулъаси» бўлди», деган ташкилотчилар вакили.

Бир неча дақиқа давомида саҳнада ноқулай вазият ҳукм сурди. Кўпчилик нима қиларини билмай қолди.

«Нима бўлганини аниқ билмайман, аммо айбни ўз зиммамга оламан. Бундан кейин бошловчилик қилмасликка ваъда бераман!», - деди маросимда бошловчилик қилган қизиқчи Жимми Киммел.

«Мен конвертни очдим — у ерда Эмма Стоун ва «Ла-Ла Ленд» ёзувлари бор эди», — деди ғолиб номини хатолик билан эълон қилган актёр Уоррен Битти. Конвертни очган актёр ғолибни эълон қилишда тараддудланиб қолганди, буни аудиториядагилар асабларни синаш сифатида қабул қилинганди.

Энг яхши фильм номи эълон қилинишидан олдин «Ла-Ла Ленд» фильмида бош ролни ижро этган Эмма Стоун йилнинг энг яхши актрисаси сифатида «Оскар» ғолиби деб эълон қилинганди, шу туфайли унинг номи ёзилган қоғоз саҳнага такроран жўнатилгани маълум бўлди.

Бу вақтда эса аудиториядагилар норозиликларини билдира бошлашди, хусусан актёр Мэтт Дэймон икки бармоғини оғзига солиб, ҳуштак чала бошлади.

Ижтимоий тармоқларда эса бу хатолик қизғин муҳокама қилина бошланди. 

«Балки бу россиялик хакерларнинг ишидир», дейилади фикрлардан бирида.

«Бу тақдимот финали кейинги «Оскар» мукофоти учун энг яхши сценарий йўналишида ғолибликка даъвогарлик қила олади», фикри ҳам айтилди. 

Мавзуга оид